Ўзбекистонда иш ҳақи ва даромадлар мувозанати қандай шаклланмоқда?
2025 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақлари ўсиши қайд этилган бўлса-да, соҳалар ва ҳудудлар кесимида бу ўсиш изчил эмаслиги яққол намоён бўлди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўртача номинал иш ҳақи 5,8 миллион сўмга етган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса икки баробарга ошган.
Тошкент етакчи, Андижон эса ортда қолмоқда
Маъмурий ҳудудлар бўйича энг юқори иш ҳақи ўсиши Тошкент шаҳрида (22,7%) кузатилган. Ундан кейинги ўринларда Сурхондарё (19%), Сирдарё ва Бухоро вилоятлари (18,5%) қайд этилган. Иш ҳақи энг кам ўсган ҳудудлар эса Андижон (11%), Навоий (12,6%) ҳамда Қашқадарё ва Фарғона (13,7%) вилоятлари бўлган. Бу ҳудудлар ўртасидаги катта фарқлар меҳнат бозоридаги нотенгликни янада очиқлаштирмоқда.
Соҳаларда кескин фарқ

Иқтисодий секторлардаги иш ҳақи ўсиши ҳам турлича. Аксарият юқори даромадли соҳалар – ахборот ва алоқа (26,8%), санъат ва кўнгилочар хизматлар (20,2%), ҳамда банк ва суғурта (19,8%) каби соҳалар ҳисобланади. Аммо аҳоли саломатлиги учун масъул бўлган тиббиёт соҳасида иш ҳақи атиги 11 фоизга ўсган. Инфляция даражаси (10,3%) билан солиштирилганда, соҳа ходимларининг реал даромадлари деярли ўзгармагани маълум бўлади.
Тиббиёт ва таълим: инфляция ютиб юбараётган маошлар
Тиббиёт билан бир қаторда таълим соҳасидаги ўсиш ҳам ўртача даражада – 17,7 фоиз бўлиб, бу номинал ўсиш ҳисобланади. 2021 йил билан солиштирилганда умумий ўрта таълим соҳасида иш ҳақлари 72,4 фоизга, мактабгача таълимда эса 64,8 фоизга ўсган. Бу йиллик ҳисобда тахминан 13–14,7 фоизга тўғри келади ва инфляция даражасидан фақат озгина юқори.
Қизиғи шундаки, 2017 йилда таълим ва банк секторлари иш ҳақлари ўртасидаги фарқ 2 баробар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу фарқ 4 баробарга етган. Демак, таълим соҳаси ходимлари банк соҳасига нисбатан нисбий камбағаллашмоқда.
Аҳоли даромадлари ва чет элдан пул ўтказмалари
Жорий йилнинг биринчи чорагида аҳолининг умумий даромадлари 222,4 трлн сўмни ташкил қилган ва реал кўрсаткичларда 9,8 фоизга ўсган. Жон бошига даромадлар 5,9 млн сўмни ташкил этиб, 7,6 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида Фарғона (14,5%), Навоий (10,1%), Тошкент шаҳри (9,8%) ва Андижон (8,6%)да жон бошига даромадлар ўсиши юқори бўлган. Бироқ Жиззах (2,9%), Тошкент вилояти (3,3%) ҳамда Сирдарё ва Наманган вилоятларида (3,4%) ўсиш суръати паст бўлган.
Айниқса, чекка вилоятларда аҳолининг даромадлари кўп жиҳатдан чет элдан келадиган пул ўтказмаларига боғлиқ. Масалан, Андижонда даромадларнинг 33 фоизи, Фарғонада 30,2 фоизи чет элдан келади. Бу кўрсаткич Навоий (4,5%) ва Тошкент шаҳрида (5,7%) анча паст.
Хулоса
Ўзбекистонда иш ҳақи ўсишининг умумий кўрсаткичлари ижобий кўринишга эга бўлса-да, таҳлиллар шундан далолат бермоқдаки, соҳа ва ҳудудлар кесимидаги номутаносибликлар жуда катта. Айниқса, тиббиёт ва таълим каби ижтимоий жиҳатдан муҳим соҳаларда реал даромадлар стагнация ҳолатида қолмоқда. Бундай ҳолат кадрлар оқимини хусусий ва юқори даромадли секторларга қаратишга, натижада эса ижтимоий хизматлар сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин.




