6 ой ичида Ўзбекистонда учинчи бор оммавий тарзда болалар заҳарланиши кузатилмоқда
Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 62 нафар тарбияланувчиси ўткир диарея ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолатни расман тасдиқлади.
Расмийлар…
ССБ маълумотига кўра, 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб болалар тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши, ич кетиши аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган.
Беморларга “ўткир диарея, алиментар этиологияли” ташхиси қўйилган. Ҳозирда 62 нафар бола стационарда даволанмоқда, ҳолати қониқарли дейилмоқда.
Ота-оналар…
Ота-оналар эса болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, боғчаларга тайёр овқат Қувасой шаҳридаги Garden Catering Trade МЧЖ томонидан етказиб берилади.
20 февраль куниги менюда гречка, борш, тефтел, картошка, салат, компот ва бошқа таомлар бўлгани маълум қилинган.
Айрим фуқаролар Telegram гуруҳларида хабарлар ўчирилаётганини ва маълумотлар чекланаётганини айтмоқда. Расмийлар бу даъволарга изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил давомида мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатлар бир неча ҳудудда қайд этилган эди.
2025 йил 24 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида боғча тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган. Иш доирасида 11 нафар шахсга Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айб эълон қилиниб, 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган.
Жиноят иши ва айбланувчиларни қамоқда сақлаш муддатлари Тошкент вилоят прокурори розилиги билан 5 ойга, яъни 2026 йил 25 февралга қадар узайтирилган. 28 январдан 2 феврал кунига қадар айблов хулосаси тузилган. 10 февраль куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, иш судга юборилган.
Тергов материаларига кўра, 2025 йил 24-27 сентябрь кунлари Бўка туманида 540 нафар, Олмалиқ шаҳрида 287 нафар, Пискент туманида 529 нафар, Оққўрғон туманида 469 нафар, Нурафшон шаҳрида 113 нафар, Қуйи Чирчиқ туманида 64 нафар, Бекобод туманида 110 нафар бола шифохонага мурожаат қилган, шундан 1 922 нафарида заҳарланиш қайд этилган, қолган 190 нафари бошқа ташхислар билан мурожаат қилган
Шунингдек, 2025 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳам боғча болаларининг заҳарланиши ҳолати қайд этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, заҳарланиш манбаси озиқ-овқат ёки сув омиллари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Лаборатория таҳлиллари натижалари очиқ эълон қилинмаган.




