Қарийб 9 миллиард сўмлик шартнома қилган завод ходимларига нима едирмоқда?
«Довғизтов» кони ишчилари берилаётган овқатлар сифатидан норози, шартномани қўлга киритган МЧЖга эса буни аҳамияти йўқ.
Ҳозирда сенатор Қувондиқ Санақулов раҳбарлик қилиб келаётган “НКМК” АЖнинг Шимолий кон бошқармаси таркибида “Довғизтов” кони 2001 йил 1 мартда ташкил этилган. Ушбу кон 3-гидрометаллургия заводига олтинга бой маъданларни етказиб берувчи муҳим ишлаб чиқариш бўғини ҳисобланади. Айни пайтда корхонада 500 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати таркибидаги Довғизтов конида ишловчи ишчиларнинг жамоавий мурожаати мамлакатда давлат корхоналарида аутсорсинг асосида кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигига оид саволларни ўртага қўяди.
Мурожаатда қайд этилишича, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб кон ошхонаси “Family Food Claster” МЧЖга аутсорсинг асосида топширилган. Шартнома қиймати — 8,6 млрд сўмдан ортиқ.

Бироқ ишчиларнинг таъкидлашича, амалда кўрсатилаётган хизматлар мазкур маблағ ва амалдаги қонунчилик талабларига мутлақо мос келмайди.
Муаммо овқат сифати ва санитария қоидаларига риоя этилмаслигидир. Айрим ҳолларда овқатлар муддати ўтган, моғорлаган ёки умуман истеъмолга яроқсиз ҳолда тақдим этилаётгани айтилган.
Бу ҳолат нафақат меҳнат қонунчилиги, балки истеъмолчилар ҳуқуқлари ва санитария-эпидемиология нормалари бузилиши билан ҳам боғлиқ.
Ишчилар мурожаатида яна бир муҳим жиҳат — кон ҳудудида муқобил ошхоналар ёки савдо нуқталарига рухсат берилмаётгани ёзилган. Натижада, хизмат кўрсатувчи ягона субъект сунъий монополия шароитида иш олиб бормоқда.
Зарарли меҳнат шароитида ишловчи кончилар учун ажратиладиган ЛПП овқатлари сифати яхши бўлиши керак. Бу уларнинг соғлиқларида акс этади. Лекин, уларда ҳозир танлов имкони йўқлиги учун бор овқатни истеъмол қилишга мажбурдирлар.
Мурожаатда санитария хизмати томонидан тизимли ва кунлик назорат олиб борилмаётгани, айрим ҳолларда эса фискал чек берилмаётгани ҳам қайд этилган. Бу ҳолат солиқ қонунчилиги бузилиши эҳтимолини ҳам кўрсатади.
Мурожаатдаги муаммони эмас, норози бўлган ишчиларни «тинчлантириш» усулида ҳал этилмоқда.
Ишчиларнинг билдиришича, кон ҳудудида камерали телефонлар, интернет ва рақамли давлат хизматларидан фойдаланиш чекланган. Натижада, улар қонунбузарликларни фото ёки видео орқали ҳужжатлаштириш ва онлайн мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Бизга ёзишларича, бу борада юқори турувчи органларга мурожаат қилган ишчи ходимларга НКМК АЖ раҳбарияти томонидан тазйиқ ва босимлар ўтказилмоқда. Баъзи ишчилардан «шикоятимиз йўқ» деган тушунтириш хатлари ва тилхатлар ёздириб олинган ва шу билан мурожаат ёпилган.
Ишчилар жамоаси бир қатор аниқ талабларни илгари сурмоқда. Жумладан:
– Аутсорсинг шартномасини мустақил ва комплекс текшириш;
– ошхона фаолияти устидан доимий давлат назорати;
– кон ҳудудида соғлом рақобат муҳитини яратиш;
– ЛПП учун ажратилаётган маблағларнинг шаффоф сарфланишини таъминлаш;
– ишчиларнинг онлайн мурожаат қилиш ҳуқуқини тиклаш.
Мазкур мурожаат — алоҳида бир шахснинг эмас, балки бутун ишчилар жамоасининг тизимли муаммоларга оид қонуний талаби сифатида қаралиши лозим. Миллиардлаб сўмлик шартномалар ортида инсон саломатлиги, меҳнат шароити ва конституцион ҳуқуқлар қолиб кетмаслиги керак.
Ушбу масала тегишли давлат органлари томонидан очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати асосида ўрганилиши керак. Таҳририятимиз масъуллар муносабати учун очиқ.




