Human rights watch: минтақада аёлларга нисбатан камситиш ва зўравонлик жазосиз қолаётганини таъкидламоқда.
Глобал статистика ҳамон ташвишли бўлиб қолмоқда, Марказий Осиё мамлакатларидаги аёллар учун бу ҳолат янада жиддий. Ҳудудда оилавий зўравонлик кенг тарқалган муаммо бўлиб, аёлларнинг адолат ва ёрдамга эришишига тўсқинлик қилувчи патриархал нормалар чуқур ўрнашган. Оиладаги зўравонлик учун жазосизлик эса одатий ҳолга айланган.
Сўнгги йилларда ҳукуматлар томонидан бир қатор муҳим қадамлар қўйилган бўлса-да, шу жумладан қонунчиликдаги ўзгаришлар, Марказий Осиёда аёллар ҳали ҳам мунтазам равишда зўравонликка, ҳатто ўз жуфтлари томонидан ўлимга дуч келмоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилиги давлатларни зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши самарали чоралар кўришга мажбур этади. Аммо кўпчилик Марказий Осиё давлатлари оилавий зўравонликни алоҳида жиноий қилмиш сифатида тан олмайди.
Қозоғистонда, 2023 йил апрель ойида қонунчиликка ўзгартишлар киритилиб, аёллар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш кучайтирилди. Бу ўзгаришлар оилавий зўравонлик қурбонлари учун ҳам қўлланилди. Аммо бу ўзгартишлар оилавий зўравонликни алоҳида жиноий қилмиш сифатида белгиламади.
Қирғизистонда, 2023 йил июль ойида аёлларни зўрлаш, жинсий тажовуз ва келин ўғирлашга қарши ҳимоя чоралари кучайтирилди. Шунга қарамай, қонунчиликда ногиронлиги бўлган аёл ва қизларни ҳимоя қилиш етарли даражада таъминланмаган.
Тожикистонда оилавий зўравонликни жиноий қилмиш сифатида аниқ белгилайдиган қонунлар мавжуд эмас. Жиноят кодексида баъзи ҳуқуқий ҳимоя воситалари бўлса-да, давлат хизматлари ва бошпаналар етишмаслиги аёлларнинг ёрдам ва хавфсизликка эришишини қийинлаштиради.
Туркманистонда оилавий зўравонликка қарши алоҳида қонун йўқ. Оилавий зўравонлик асосан жиноят ва маъмурий кодекслар орқали ҳал қилинади, аммо мутахассисларнинг фикрига кўра, бу қонунлар қурбонларнинг ҳимоясини етарли даражада таъминламайди.
Ўзбекистонда 2023 йил апрель ойида оилавий зўравонлик алоҳида жиноий қилмиш сифатида белгилаб қўйилди. Аммо муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда: қурбонларни айблаш амалиёти кенг тарқалган ва зўравонларга нисбатан чора кўришда жиддий камчиликлар мавжуд.
Ечим борми?
Марказий Осиёда қурбонлар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг етишмаслиги, хусусан қишлоқ ҳудудларда бошпаналарнинг камлиги, аёлларнинг қийинчиликларини янада кучайтирмоқда. Шунинг учун давлатлар зўравонлик қурбонлари билан ишлашда ҳуқуқ тартибот органлари ва суд тизими ходимлари учун махсус тайёргарлик курсларини ташкил қилиши керак.
Қонунларни такомиллаштириш, мустаҳкамлаш ва уларни қатъий амалга ошириш аёллар ва қизлар учун хавфсиз муҳит яратишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, ижтимоий стигмани йўқотиш бўйича кўпроқ ишлар олиб бориш зарур.
Фақат комплекс ёндашув орқали ҳукуматлар оилавий зўравонликка чек қўйиш борасида ҳақиқий ютуқларга эришиши мумкин.




