Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепциясини тасдиқлади.
Мазкур фармон Кремлнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Янги сиёсатнинг асосий мақсадлари — ноқонуний мигрантлар сонини қисқартириш ва улар томонидан содир этилаётган жиноятлар даражасини пасайтириш деб иддао қилинган.
Ҳужжатда Россияда чет элликлар яшашига оид талаблар қатъийлаштирилиб, жамиятга интеграция бўлолмаётган фуқароларга нисбатан чекловлар назарда тутилган.
Концепциянинг асосий йўналишлари:
– Россия ҳудудида ноқонуний яшаб ёки ишлаб юрган чет элликлар сони қисқартирилади.
– Ишламайдиган ва ўқимайдиган мигрант оилалари аъзоларининг мамлакатда бўлишига чеклов қўйилади.
– Мактабга бормайдиган чет эллик болалар сони камайтирилади.
– Этник анклавлар ва мигрантларнинг жамиятдан ажралиб қолишига қарши давлат чоралар кўради.
– Миграция соҳасида IT тизимлар ва биометрик назорат механизмлари жорий этилади.
– Россияга келаётган ҳар бир чет эллик учун рақамли профил яратилади.
– Чет эллик ишчиларни ишга қабул қилувчи корхоналарнинг жавобгарлиги оширилади, меҳнат қонунчилигига риоя этиш устидан назорат кучайтирилади.
– Иш берувчилар меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олади.
– Мигрантлар орасида рус тилини билиш даражасини оширишга давлат ёрдам беради.
– Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар улуши оширилади.
– Анъанавий рус қадриятларини қўллаб-қувватловчи чет элликлар учун Россияда доимий яшаш имкониятлари кенгайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 5 февралдан иш бошлаган нолегал мигрантлар реестри орқали ҳозиргача тахминан 35 минг киши Россиядан чиқариб юборилган. 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 770 минг киши “назоратдаги шахслар” реестрида қайд этилган бўлиб, уларнинг учдан бир қисми — аёллар ва болалардир.
Бундан ташқари, 11 сентябрдан бошлаб ноқонуний мигрантларга никоҳ ва ажралишни рўйхатдан ўтказиш, болаларни боғча ва мактабга жойлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳамда банк ҳисоб рақами очиш тақиқланди.




