Иқтисодчи, колумнист Лиам Ҳаллиган Марказий Осиё энди Россиядан қутилиб Хитой таъсирига тушгани ҳақида The Telegraph нашрида мақола эълон қилди.
Марказий Осиёда Россиянинг ўн йиллар давомидаги ҳукмронлиги ўрнини энди Хитой эгалламоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бўйлаб икки ҳафталик саёҳат чоғида Хитой таъсири нафақат иқтисодда, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам минтақада Россия таъсирини босиб кетгани яққол кўринди, дейди мақола муаллифи Лиам.
Марказий Осиёнинг беш давлати – “истонлар” – дунё нефть ишлаб чиқаришининг 4 фоизи ва газнинг 5 фоизини таъминлайди. Бу ерда уран, мис ва нодир қазилмалар ҳам жуда кўп. Илгаригида “Россиянинг орқа ҳовлиси” деб аталган бу минтақа энди Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” (Belt and Road Initiative) дастурининг асосий қисмига айланди. Ушбу лойиҳа орқали Хитой Европа билан боғлайдиган темир йўллар, автомобиль трассалари ва портлар қурмоқда.
Хитойнинг Марказий Осиё билан савдоси ҳозир Россияникидан икки баравар кўп. Украинага тажовузидан сўнг Россия заифлашган бир пайтда, Хитой янги энергетик ва инфратузилма шартномаларини имзолаб, бўшлиқни тўлдирмоқда.
Бу ҳаракат нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга. Денгиз йўллари орқали юк ташиш хавфли ва қиммат бўлиб бораётгани учун Пекин “Ўрта йўлак” деб аталувчи янги қуруқлик транзит йўлини тез суръатда ривожлантирмоқда. Бу йўл Қозоғистон, Ўзбекистон ва Каспий денгизи орқали Европага чиқади.
Агар келгусида Хитой билан АҚШ ўртасида можаро чиқса, Хитой ўз иқтисодиётини айнан Марказий Осиё орқали қутқариши мумкин. Шу тариқа, собиқ Совет ҳудуди бўлган бу минтақалар энди ХХI асрнинг янги “Ипак йўли”га айланмоқда.
Хитойнинг таъсири катта. У “Россиянинг орқа ҳовлиси”ни эгаллади.
Гарчи Хитой ва Россия жаҳон миқёсида кўплаб умумий манфаатларга эга бўлсалар-да, Марказий Осиёда улар рақиблардир, дея изоҳлайди Лиам Халлиган ўз мақоласида.




