Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг минтақамизга ташрифдан мақсади нима?
Япония бош вазири Фумио Кисида Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилиши мумкин. Япония Каспий денгизи орқали минтақани Европа билан боғлайдиган янги савдо йўлини яратишни кўзда тутмоқда.
«Japan Times» газетасининг хабар беришича, бош вазир 9-12 август кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюради. Бош вазир 9 август куни Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувда Европа чиқувчи янги савдо йўлини яратиш режасини тақдим этиши айтилган.
Газетанинг ёзишича, бу ташаббус Япониянинг Хитой ва Россия анъанавий тарзда мустаҳкам ўрин эгаллаган минтақа билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган. Расмий Токио янги экспорт йўналиши Марказий Осиё мамлакатларига янада кенгроқ иқтисодий мустақиллик беришига умид қилмоқда.
«Транспорт инфратузилмасидан ташқари, режа иқтисодий декарбонизацияни қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади. Шу билан бирга, табиий газни қайта ишлашга кўмаклашиш каби чора-тадбирлар учун Япония компанияларининг технологиялари ва кредитларидан фойдаланиш режалаштирилган», – дейилади хабарда.