ГЭС фойдаланишга топширилгандан сўнг қанча аҳолининг энергия муаммоси ҳал бўлади? Қурилишга малакали мутахассислар жалб этилганми? Иншоот экологияга зиён етказмайдими? Хавфсизлик қандай таъминланган? Эксплуатация даври ўтмай зарарланиш эҳтимоли олди олинганми?
«O‘zbekgidroenergo» АЖ мутасаддилари қурилиш ишлари билан қизиққан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

ГЭС фойдаланишга топширилгандан сўнг қанча аҳолининг энергия муаммоси ҳал бўлади?
Жамият Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Амирсаидовнинг қайд этишича, ушбу гидротехник иншоот лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Қуйи Чотқол ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн. кВт.соатга тенг, яъни ГЭС қуввати келажакда йилига ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 81,0 млн. м3 гача табиий газни ёки 250 минг тонна кўмирни иқтисод қилиш имкониятини беради.
Лойиҳага малакали мутахассислар жалб этилганми?
Қуйи Чотқол ГЭС қурилишида 200 нафар муҳандис-техник ходимлар, шу жумладан, 30 нафар юқори малакали хорижлик мутахассислар ҳамда 500 нафардан ортиқ маҳаллий ишчилар фаолият олиб бормоқда. Асосий лойиҳа ишлари Жамият тизимидаги “Гидролойиҳа” АЖ томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳалаштириш ишларига Туркиянинг ва Эрон компаниялари жалб қилинган.
ГЕС объектлари қурилишида, Германия компаниясининг илғор ускунасидан фойдаланилмоқда.
Цементация ишларини амалга ошириш учун 650 метрдан зиёд узунликдаги туннель очиш ишлари бажарилган.
Тўғон ва ГЭСни қурилиш ишларида 1800 киши иштирок этаяпти.

Ҳозиргача қилинган ишлар
Бугунги кунда лойиҳа доирасида:
– тўғон қурилиши ишларининг 60%,
– асосий ГЭС биноси қурилиши ишларининг 70%,
– сув олувчи иншоот қурилиши ишларининг 60%,
– сув чиқарувчи иншоот қурилиши ишларининг 60%,
– гидроагрегатларни ўрнатишга мўлжалланган монтаж ишларининг 35% бажарилди.
Экологик муаммолар келтириб чиқармайдими?
Мутахассислар янги иншоотни экологик зарарсиз дейишмоқда. У гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етказмайди. Бу бўйича халқаро экспертлар хулосаси ҳам олинган.
Иншоот қанчалик мустаҳкам?
Маълумот беришларича, лойиҳа доирасида Ўзбекистонда илк бор тўғон ювиш галереясида емирилишга чидамли ва мустаҳкамлик даражаси юқори бўлган (М800 маркали) бетон қуйиш ишлари амалга оширилган.
Сув омборидан йиллик қаттиқ оқимни (сувда эриган ва тубда тўпланган чўкинди) ювиш жараёнида умумий ҳажми 1 млн. м³ бўлган сув ГЭС биноси ва бетон тўғон ичида жойлашган ювиш галереяси орқали ўтказилади.

Асосий ишқаланиш юкламаси ювиш галереясининг туб қисмига ва деворларнинг ўртасигача бўлган қисмига тушади. Ювиш галереясининг бутун узунлиги бўйлаб туб қисми қуйма темир плиталар билан қопланган. Қуйма темир – емирилишга чидамли ва узоқ муддат хизмат қилувчи материал бўлиб, плиталарнинг конструкцияси эскирган қисмларини янгилари билан алмаштириш имконини беради.
Янги технология фойдаланиш муддатини узайтирадими?
ГЭС янги замонавий технологиялар асосида биринчи марта тўғон конструкцияси босиб зичланган (укатанний) бетонли типда қурилади. Қурувчилар Ўзбекистонда аввал бу технологиядан фойдаланилмаганини айтишмоқда.
Маълумот учун, бетон тўғон баландлиги 60 метр, узунлиги 270 метр, тўғон усти эни 7,5 метрни ташкил этади. Сув омбори ҳажми 6,8 млн м3 га тенг.
Мазкур типдаги тўғон қурилиши лойиҳани амалга ошириш муддатини 2 баробарга қисқартириши баробарида сув омбори кунлик сув сарфини самарали бошқариш имконини беради. Натижада, қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда яъни ростловчи қувватларда электр энергияни ишлаб чиқариш имкониятини юзага келтиради.
Материал «O‘zbekgidroenergo» АЖ Ахборот хизмати ҳамкорлигида тайёрланган




