428 миллион сўм олиш учун 1 ярим йилдан буён судма-суд юрган “Olmaliq sanoat qurilish-invest” МЧЖ бир неча инстанцияга мурожаат билан чиқди, фойдаси бўлмади.
“O‘zavtosanoat” АЖ раҳбарияти ҳам тадбиркорни қабул қилмаяпти.
Тошкент вилоятида фаолият юритувчи қурилиш ташкилоти “UzAuto Motors” АЖ билан тузилган шартнома бўйича юзага келган молиявий муаммолар юзасидан давлат органларига 1 ярим йилдан буён мурожаат қилиб келади. Ташкилот вакилларининг айтишича, заводда амалга оширилган модернизация ишлари бўйича тўловлар кечиктирилиши компания фаолиятига жиддий таъсир кўрсатган.
Мурожаат муаллифларига кўра, 2024 йил январь ойида ташкилот билан “UzAuto Motors” ўртасида завод ҳудудида модернизация ишларини амалга ошириш бўйича шартнома тузилган. Унга мувофиқ, пудратчи ташкилот ходимлари томонидан белгиланган ишлар бажарилган ва томонлар ўртасида бажарилган ишлар бўйича расмий ҳужжатлар, жумладан солиштирма далолатномалар имзоланган.
Шу билан бирга, мурожаатда таъкидланишича, бажарилган ишлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Пудратчи компаниянинг маълум қилишича, бу ҳолат уларни судга мурожаат қилишга мажбур қилган. Компания вакиллари суд жараёнлари бир нечта инстанцияларда кўриб чиқилганини ва уларнинг фойдасига қарорлар қабул қилинганини маълум қилмоқда.
Бироқ, суд орқали маблағ ундирилганига қарамай, кечиккан тўловлар компания фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Ташкилот вакиллари бу жараён давомида корхона молиявий қийинчиликларга дуч келганини, айрим мулклар йўқотилганини ва ишчи ходимлар сони қисқарганини билдирмоқда. Уларга кўра, корхонада ишлаб келган 45 нафар ходимдан кўпчилиги иш жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Мурожаат муаллифлари айрим мансабдор шахсларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари бундай ҳолатга сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, бу масалани ваколатли органлар ўрганишини сўрамоқда. Шу билан бирга, қурилиш соҳаси мутахассислари иштирокида қарор қабул қилиш муҳимлиги ҳақида фикр билдирилган.
Ташкилот вакилларининг айтишича, бугунги кунгача шартнома доирасида бажарилган ишлар ва кафолат маблағлари бўйича айрим масалалар ҳал этилмаган. Улар мазкур ҳолат тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб, масъул идоралардан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилишини сўрамоқда.
Мурожаатда яна бир масала — компания вакилларининг “O‘zavtosanoat” АЖ раҳбарияти қабулига киришга урингани, аммо бир неча ой давомида қабулга кириш имкони бўлмагани ҳам тилга олинган. Шу муносабат билан мурожаат муаллифлари корхона раҳбариятидан мазкур масалани кўриб чиқиш ва тадбиркорлар билан мулоқот ўтказишни сўраган.
Ташкилот вакиллари ўз мурожаатида давлат органларидан вазиятни ўрганиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва юзага келган молиявий масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам беришни илтимос қилган.
Ҳужжатлар нима дейди?
Uzdiplomat.uz мухбири ўрганган суд ҳужжатларига кўра, 2024 йил 8 январда “UzAuto Motors” ва “Olmaliq sanoat qurilish-invest” ўртасида қурилиш пудрати шартномаси тузилган. Ушбу шартномага мувофиқ, пудратчи компания автомобилсозлик заводи ҳудудида бир қатор объектларда таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириши керак бўлган. Жумладан, таъминот омбори, офис дам олиш хоналари, санитария ва ювиниш хоналари, шунингдек пайвандлаш ва бўёқлаш цехларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари назарда тутилган. Шартнома қиймати 3,67 миллиард сўм этиб белгиланган.
Қурилиш ишлари бир неча босқичда амалга оширилган ва пудратчи томонидан бажарилган ишлар бўйича тегишли ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган. Суд материалларида келтирилишича, умумий ҳисобда 2,99 миллиард сўмлик ишлар бажарилгани кўрсатилган. Шу билан бирга, буюртмачи томонидан 2,56 миллиард сўм миқдорида тўлов амалга оширилгани қайд этилган.
Қолган маблағ юзасидан томонлар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва айнан шу масала кейинчалик суд муҳокамасига сабаб бўлган.
Пудратчи компания судга мурожаат қилиб, бажарилган ишлар учун тўланмаган маблағни ундиришни талаб қилган. Даъво аризасида асосий қарз сифатида 428 миллион сўмдан ортиқ маблағ ва шартнома шартларига мувофиқ ҳисобланган пеня ҳам ундирилиши сўралган. Асака туманлараро иқтисодий суди ишни кўриб чиқиб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилган. Суд қарорига кўра, 425 миллион сўмдан ортиқ асосий қарз ҳамда 39 миллион сўм пеня ундирилиши белгиланган.

Мазкур ишнинг эътиборли жиҳатларидан бири — у фақат бир босқичда эмас, балки бир нечта суд инстанцияларида кўриб чиқилганидир. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция қарорига ўзгартириш киритган бўлса, кейинчалик иш тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилиб, апелляция қарори бекор қилинган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилган.
Бу ҳолат иқтисодий суд ишларида айрим ҳолларда далилларни баҳолаш турлича бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Айниқса, қурилиш соҳасига оид ишлар кўпинча техник масалалар билан боғлиқ бўлгани сабабли, суд қарорларида экспертиза ва техник ҳужжатлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Иш муҳокамаси давомида қурилиш ишларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида техник экспертиза ҳам тайинланган. Эксперт хулосасига кўра, объектда амалга оширилган ишлар қиймати тахминан 2,98 миллиард сўмни ташкил этган.

Суд ушбу хулосани иш материалларидаги бошқа ҳужжатлар билан биргаликда баҳолаган. Қурилиш соҳасидаги иқтисодий ишларда экспертиза муҳим аҳамиятга эга. Чунки суд қурилиш ишларининг ҳажми, материаллар сарфи ва смета ҳисоб-китобларини техник мутахассислар хулосаси асосида баҳолайди.


Суд ҳужжатларида яна бир муҳим ҳолат — қурилиш жараёнида айрим ишлар дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатларида тўлиқ акс этмагани ҳақидаги маълумотлар ҳам қайд этилган. Пудратчи томонидан бу ҳақда буюртмачига бир неча марта мурожаат қилингани ва қўшимча ишлар бўйича смета ҳужжатлари тайёрлангани кўрсатилган.
“UzAuto Motors” ва “Olmaliq sanoat qurilish-invest” ўртасидаги мазкур иқтисодий иш суд томонидан шартнома шартлари, тақдим этилган ҳужжатлар ва экспертиза хулосалари асосида кўриб чиқилган. Бу иш қурилиш соҳасида лойиҳа ҳужжатлари, техник назорат ва смета ҳисоб-китобларини аниқ юритиш қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Шу билан бирга, қурилиш пудрати шартномаларида барча техник ва молиявий масалаларни олдиндан аниқ белгилаш кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин.
Айни пайтда “UzAuto Motors” ёки “O‘zavtosanoat” томонидан ушбу мурожаат юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида маълумот йўқ. Агар расмий позиция билдирилса, материал тўлдирилиши мумкин.




