Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишни 2026 йилда якунлаш ниятини яна бир бор тасдиқлади
Женевада бўлиб ўтган Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га Ўзбекистоннинг қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 13-йиғилишида расмий Тошкент 2026 йилда аъзолик жараёнини тўлиқ якунлаш мақсадини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон делегациясига Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили ва бош музокарачи Азизбек Ўрунов бошчилик қилди. Делегация таркибига 30 нафар юқори лавозимли давлат амалдори кирди.
190 та ҳужжат ЖСТ қоидаларига мослаштирилди
Азизбек Ўруновнинг маълум қилишича, март ойидан буён Ўзбекистон ЖСТ талабларига мувофиқлаштириш мақсадида 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни янгилаган.
Энг муҳим ўзгаришлар қуйидаги соҳаларда амалга оширилди:
санитария ва фитосанитария (SPS) стандартлари;
озиқ-овқат хавфсизлиги;
ягона Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасининг ташкил этилиши;
демпингга қарши, компенсация ва ҳимоя чоралари бўйича қонун лойиҳаларининг янгиланиши.
Ўруновнинг таъкидлашича, ЖСТ аъзолари томонидан берилаётган саволлар сони ҳам камайиб бормоқда, бу эса Ўзбекистоннинг аксарият талабларга жавоб бериб бораётганини кўрсатади.
Ҳиндистон билан келишув имзоланди
ЖСТ маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳозиргача бозорларга кириш бўйича 31 та икки томонлама келишувни ташкилот котибиятига топширган. Энг сўнгги келишув Ҳиндистон билан имзоланган.
Ишчи гуруҳ раиси, Жанубий Корея элчиси Сунг Ё Чой қолган давлатларни ҳам музокараларни тезроқ якунлашга чақирди. Унинг фикрича, бозорларга кириш бўйича музокаралар амалда якунига етиб қолган.
ЖСТ аъзолари яна қандай ислоҳотларни кутмоқда?
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистондаги ислоҳотларни ижобий баҳолаган бўлса-да, айрим қонунларни қабул қилиш суръати кутилгандан секин кечаётганини қайд этди.
Шунингдек, аъзо давлатлар қуйидаги йўналишларда қўшимча саволлар берди:
валюта сиёсати ва тўловлар;
импорт тартиблари;
савдони енгиллаштириш;
инвестиция ва рақобат сиёсати;
техник стандартлар;
давлат корхоналари ислоҳоти;
қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Айрим давлатлар Ўзбекистонни ЖСТга қўшилгач, ташкилотнинг айрим кўп томонлама ташаббусларига ҳам аъзо бўлишга чақирди.
Келгуси йиғилиш кузда ўтказилиши мумкин
ЖСТ Бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан Ўзбекистон ва аъзо давлатларнинг музокараларни тезлаштиришга бўлган интилишини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ЖСТга аъзолик иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлаш ва иқтисодиёт барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Ишчи гуруҳ раиси навбатдаги йиғилишни 2026 йил кузининг охирида ўтказиш нияти борлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза берган. Фаол музокаралар эса 2020 йилдан бошланган.




