Собиқ ҳоким қарорини янгиси тан олмаяпти: ўнлаб оилалар эса кўчада қолиш арафасида
Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Файзобод қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар таҳририятга мурожаат қилиб, улар истиқомат қилаётган уй-жойларни бузиш тўғрисида қарорлар чиқарилаётганини маълум қилди.
Мурожаатчиларнинг айтишича, улар ер участкаларини 2012–2015 йиллар оралиғида турли шахслардан сотиб олган.

Айрим оилалар уйларини 2016–2019 йилларда қуриб, шу вақтдан буён мазкур ҳудудда доимий яшаб келмоқда.
Аҳоли вакиллари уй қуриш учун йиллар давомида маблағ йиғгани, айрим фарзандлари хорижда ишлаб топган пулини қурилишга сарфлаганини таъкидламоқда.
«Бир рўзғорда тўртта оила сиқилиб яшаётган эдик. Емай-ичмай ер олдик. Фарзандларимиз Россияда ишлаб, уйни кўтарди. Энди эса бузилади, деган гапни эшитиб, юрак ҳовучлаб яшаяпмиз», — дейди Файзобод қишлоғида яшовчи Ойгул Болтаева.
«Жаримани тўладик, аммо уй барибир ноқонуний дейилмоқда»
Мурожаатда айтилишича, айрим хонадонлар бўйича суд қарорлари ҳам чиқарилган. Фуқаролар ер ва уй-жойлар расмийлаштирилмагани учун маъмурий жарималар тўлаганини, аммо шундан кейин ҳам кадастр ҳужжатларини олиш имкони бўлмаганини билдирмоқда.
Аёллардан бири уйи 2016 йилда маҳалла кўмагида қурилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатларни расмийлаштиришга уриниш натижа бермаган, кейинчалик эса 3 миллион 855 минг сўм жарима тўлаган.
«Уч нафар болам бор, эгизакларим ҳам бор. Бу уй бузилса, қаерга боришимни билмайман. Ота-онамнинг уйида ҳам шароит оғир. Биз уйимизни қолдиришларини сўраймиз», — дейди у.
Бошқа бир фуқаро саккиз сотих ерни 2015 йилда сотиб олгани ва 2016 йилдан бери шу жойда яшаб келаётганини билдирган. У ҳам хонадонни кадастрдан ўтказишда ёрдам сўрамоқда.
Электр ва газ бор, аммо кадастр йўқ
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, ҳудуддаги айрим уйларга электр ва газ тармоқлари уланган, кўчаларга рақамлар берилган ва йўллар давлат ташкилотлари томонидан текисланган.
Шу сабабли аҳоли кўп йиллар давомида мазкур ҳудудда яшашига амалда шароит яратилгани, бироқ энди уйлар «ўзбошимчалик билан қурилган» деб баҳоланаётганини тушунмай қолган.
Фуқаролардан бири ерни сотиб олаётганда унга ҳоким қарори борлиги ва кейинчалик ҳужжатлар расмийлаштирилиши ваъда қилинганини иддао қилмоқда.
У ер ва ҳужжатлар учун пул тўлагани, тақдим этилган қоғозларга ишониб уй қурганини айтган.
Бироқ кейинчалик кадастр ходимлари мазкур ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топгани ва уйни бузиш бўйича суд қарори чиқарилгани билдирилмоқда.
«Ташландиқ ерни обод қилдик»
Аҳоли ушбу ҳудуд илгари пахта майдони бўлгани, кейинчалик эса ташландиқ ва янтоқ босган майдонга айланганини айтиб, оилалар ўз маблағи ҳисобидан уй қуриб, ҳудудни обод қилганини таъкидламоқда.
«Ер давлатники эканини тушунамиз. Лекин бу жойлар йиллар давомида ташландиқ эди. Халқ фойдаланса, солиғини, электр ва газ ҳақини тўлайди, ҳудудни обод қилади. Биз вазиятни жойига чиқиб ўрганишларини сўраймиз», — дейилади мурожаатда.
Фуқаролар уйларни бузиш масаласини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир оиланинг ижтимоий аҳволи ва ҳужжатларини алоҳида ўрганиш, қонуний имконият мавжуд бўлса, турар жойларни расмийлаштириб беришни сўрамоқда.
Улар, шунингдек, уй-жойлар бузиладиган тақдирда, вояга етмаган фарзандлари билан бошпанасиз қолишидан хавотир билдирган.
Батафсил видеода:




