Кореядаги ўзбекистонликларнинг ойига 2000 доллар юкламали шартномасини журналистлар одам савдосига тенглаштирди
Жанубий Кореянинг Pressian нашри Улсан шаҳридаги HD Hyundai Heavy Industries кемасозлик корхонасига ишга борган ўзбекистонликлар билан тузилган шартнома бўйича суриштирув эълон қилди.
Нашрда келтирилган ҳужжатларга кўра, айрим ўзбекистонлик ишчилар Ўзбекистон томонининг Кореядаги ваколатхонасидан ёзма рухсат олмасдан иш жойини алмаштирса, ҳар бир ой учун 2 минг доллар жарима тўлаши белгиланган.

Ишчилар Кореяга кетишидан олдин меҳнат шартномаси билан бирга алоҳида мажбурият хатини ҳам имзолаган. Унда нафақат иш жойини рухсатсиз алмаштириш, балки Кореяда ҳужжатсиз қолиш ёки иш берувчининг қонуний талабларини бажармаслик ҳам жаримага сабаб бўлиши кўрсатилган.
Ишдан бўшатилган одамдан ҳам жарима сўралган
Ўзбекистоник ишчилар бу талабни амалда Hyundai кемасозлик корхонасидан кетишни тақиқлайдиган шарт деб баҳоламоқда.
Уларнинг айтишича, иш камайиб, корхона ўзи ходимни бўшатган тақдирда ҳам жарима талаб қилинган ҳолатлар бор.
Нашр суҳбатлашган ишчилардан бири таниши Hyundai пудратчи корхонасидан бўшатилиб, бошқа жойдан иш топганини айтган. Бироқ ундан уч ой учун жами 6 минг доллар жарима талаб қилинган.
Ишчининг сўзларига кўра, у вазиятни тушунтирганида, Ўзбекистон томони ундан Hyundai янги иш жойига ўтишига қарши эмаслиги ҳақида маълумотнома олиб келишни талаб қилган.
«Бундай пулни Ўзбекистонда бир йил ишлаб топиш мумкин. Фақат Улсандаги кемасозлик корхонасида ишлаётганлар шундай муаммога дуч келмоқда. Бошқа соҳалардаги ватандошларимиз қонун доирасида иш жойини алмаштирмоқда», — деган у.
26 ёшли ишчининг ўлими норозиликни кучайтирди
18 июль куни 26 ёшли ўзбекистонлик ишчи кемасозлик корхонасидаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган.
Ҳамкасбларининг айтишича, у аввал ҳам иш пайтида бир неча марта жароҳатланган ва кемасозликда ишлашдан қўрққан. Иш шароити хавфли, маош эса паст бўлгани учун бошқа корхонага ўтмоқчи бўлган, аммо жарима сабаб бу режасини амалга ошира олмаган. Ҳодисадан икки кун кейин Ўзбекистон томонининг Кореядаги ваколатхонаси раҳбари Нурматжон Комилов ишчилар ётоқхонасига борган. Учрашувда 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик қатнашган. Улар жарима ҳақидаги мажбурият хатини бекор қилишни талаб қилган. Ишчилардан бири «У бошқа корхонага ўта олганида, балки тирик қоларди», — деган.
Касаба уюшмаси вакилининг айтишича, учрашувда асоссиз жаримага тортилганини билдирган яна ўн нафарча ишчи борлиги маълум бўлган.
Ўзбекистонликлар махсус дастур орқали борган
Мазкур ишчилар 2025 йил июлдан бошлаб Жанубий Кореяга махсус дастур асосида юборилган.
Улар Фарғона вилоятида ташкил этилган «Улсан глобал кадрлар тайёрлаш маркази»да уч ой давомида корейс тили ва кемасозлик касбларини ўрганган. Улсан шаҳри ўқув жиҳозларини молиялаштирган, Hyundai Heavy Industries эса ўқув дастури ва мутахассислар билан таъминлаган. 2026 йил июнига қадар ушбу дастур асосида Кореяга 380 нафарга яқин ўзбекистонлик борган.
Дастур кемасозлик соҳасидаги ишчи етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида ташкил этилган. Бироқ касаба уюшмалари корхоналар маҳаллий ишчилар шароитини яхшилаш ўрнига, оғирроқ шароитда ишлашга рози бўладиган мигрантларни жалб қилаётганини танқид қилган.
Ўзбекистон томони: шарт барчага бир хил қўлланилмайди
Ўзбекистоннинг Кореядаги ваколатхонаси ходими жарима ҳар қандай ҳолатда ҳам автоматик қўлланилмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, корхона вақтинча ишламаса, бутунлай ёпилса ёки ишчида меҳнат қилишга тўсқинлик қиладиган касаллик аниқланса, ҳужжатлар текширилиб, иш жойини алмаштиришга рухсат берилиши мумкин. Ваколатхона вакили бундай шартлар ноқонуний миграциянинг олдини олиш, кореялик иш берувчилар сарфлаган харажатларни ва Ўзбекистон обрўсини ҳисобга олиш мақсадида киритилганини билдирган. Шу билан бирга, у шартнома Ўзбекистонда тузилганини таъкидлаб, Корея томони унга аралаша оладими, деган саволни қўйган.
Адвокат буни мажбурий меҳнатга ўхшатди
Кореялик адвокат Чхве Чон Гю катта миқдордаги жарима орқали ишчиларнинг бошқа корхонага ўтишини чеклашни мажбурий меҳнат ва одам савдоси аломатлари мавжуд ҳолат деб баҳолаган.

Унинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан қийналган мигрантни катта жарима билан муайян иш жойида ушлаб туриш унинг эркин танловини чеклайди.
Адвокат аввал Филиппиндан келган қишлоқ хўжалиги ишчилари билан боғлиқ ўхшаш ҳолат бўлганини ҳам эслатган. Ўшанда ишчиларнинг иш ҳақи бир қисми улар иш жойини ташлаб кетмаслиги учун ушлаб қолинган.
Hyundai шартномага алоқаси йўқлигини билдирди
HD Hyundai Heavy Industries компанияси жарима ҳақидаги мажбурият хатини тузишда қатнашмаганини маълум қилди.
Компанияга кўра, мазкур ҳужжат унга берилмаган. Шунингдек, Hyundai маълумотномаси олиб келинса, жарима бекор қилиниши ҳақидаги гаплар ҳам тасдиқланмаган. Компания буни Ўзбекистоннинг хорижда ишлаётган фуқароларни назорат қилиш тизимига оид масала деб баҳолаган. Улсан шаҳар ҳокимлиги ҳам шартнома мазмунидан энди хабар топганини ва вазиятни ўрганаётганини билдирган. Корея Меҳнат вазирлиги эса ҳужжат Ўзбекистонда тузилгани сабаб Корея қонунчилиги доирасида қандай чора кўриш мумкинлигини ҳозирча аниқ айта олмаслигини, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қўшимча ўрганиш зарурлигини маълум қилган.




