Ижтимоий тармоқларда ота-оналар томонидан мактаб дарсликларидаги хато ва камчиликлар, шунингдек, берилган вазифаларнинг мураккаблиги борасида эътирозлар кўпаймоқда.
Бу масала бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги изоҳ бермаётган эди. Uzdiplomat.uz журналисти 1 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирлик масъулларига мурожаат этиб, айни шу эътирозлар бўйича қандай аниқ чоралар кўрилаётгани ва уларни тузатиш бўйича режалари бор йўқлиги билан қизиқди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири маслаҳатчиси Азизбек Турдиев дарсликлардаги хатоликларни тан олар экан, уларга билдирилган эътирозларнинг ҳам ўринли эканини таъкидлади.
“Дарсликлардаги камчиликлар бўйича ҳозир бизда жуда катта база тўпланяпти. Биз ҳамма эътирозларни йиғиб боряпмиз. Нафақат ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар, балки ўзимизнинг мутахассисларимиз томонидан ҳам дарсликлар синчиклаб қайта кўриб чиқиляпти. Шу сабабли биз шу кунларда айнан хатоларга бағишланган жуда катта платформа ишга туширяпмиз. Ушбу платформада шу кунгача нашр қилинган дарсликлар, энди нашр этиладиган дарсликлар ҳам эълон қилиниб борилади. Бу иш шахсан вазиримиз ташаббуси билан бўлди”, – деди Турдиев.
Шунингдек, у вазифаларнинг мураккаблиги ҳақида ҳам тўхталар экан, вазифаларнинг мураккаблигига ишонч ҳосил қилиши учун ўқувчилар уни ўқиб, бажариб кўриши кераклигини маълум қилди.
“Орадан бироз муддат ўтсин. Ҳар қандай қилинган ишнинг натижаси албатта таҳлил қилинади. Бугун мураккаб деб аталаётган жараён ҳам эртага мутахассислар томонидан албатта таҳлил қилинади ва агар ҳақиқатдан ҳам мураккаб деб топилса, маълум чоралар кўрилади. Агар дунё стандартлари шуни тақозо этяпти, деб топилса, шундайлигича қолади. Тажриба ўзини оқлаш-оқламаслиги эса вақт ўтиб аниқ бўлади”,– деди у.
Бундан ташқари Азиз Турдиев 1-синф «Алифбе» дарслигидаги қофиясиз шеърлар бўйича ҳам изоҳ бериб, уларнинг қайтадан ёзилишини маълум қилди.
“Ҳар қандай ислоҳотлар жараёнида хато ва камчиликлар бўлади. Ким хато қилмайди? Ишламаган одам хато қилмайди”, – деди у.
Аммо катта бир авлод йўқотиляпти, улар шеър деганда бошқа бир қофиясиз, мантиқсиз жумлаларни тушуниб қоляпти-ку, деган саволга жавобан бундан афсусдалиги билдирди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов жавобни тўлдирар экан, бу авлод йўқотилишини англатмаслигини қўшиб қўйди.
“Сиз ҳам “пешонаси ялпоқ” деган шеър ёдлагансиз-ку, авлод йўқотилмаган-ку ўшанда”, – дея жавоб қайтарди вазир ўринбосари