Одатда деярли ҳар йили бирор табиий офат бўлади ва қандайдир йўл ёки кўприк ўпирилади. Журналист Нодирбек Нортўраев Сурхондарё вилоятидаги вазиятларни таҳлил қилиб, табиий офатлар потенциал монополистларни яратгани ва офат улар учун пул қилиш йўлига айланганини аниқлади.
Хўш, тайёрмисиз? Кеттик!
25 июль куни Сурхондарё вилояти Бойсун туман йўллардан фойдаланиш корхонаси иккита тўғридан тўғри шартномани эълон қилди.
Биринчиси: «Сайроб қишлоғига кириш» автомобиль йўлининг 0-1 ва 8,9 км қисмларидан содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича бўлиб, 1 миллиард сўм ажратилган. Ишни бажарувчи «Хушбоқ Али Ангор» Хусусий корхонаси деб белгиланган. Лекин шартноманинг 3-бандида негадир ишни «Дарбанд қурилиш» МЧЖ қилиши ёзилган. Ким экан бу? Аҳамиятсиз! Давом этамиз.
Иккинчиси: «Кампиртепа гранит конига» автомобиль йўлининг 7,5 км қисмидаги сунъий иншоотда содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича бўлиб, унга 1,7 миллиард сўм ажратилган. Шартноманинг 3-бандига кўра, ишни «Дарбанд қурилиш» МЧЖ амалга оширади.
Қаердадир эшитгандекмисиз? (биринчи харидга қаранг)
Дарбанд қурилиш МЧЖнинг яқиндагина ўзгарган раҳбари Данияров Мансур Ташпўлатович*** ва «Хушбоқ Али Ангор» ХК таъсисчиси Алиев Рустам Хушбакович биргаликда «Сурхон йўл кўприк лойиҳа» МЧЖда бир хил улушга эга, яъни яхшигина таниш.
Бундан ташқари яқин яқингача Дарбанд қурилиш МЧЖнинг таъсисчиси Алиев Ўктам Рустамович*** ҳисобланиб келган. Катта эҳтимол билан у Алиев Рустам Хушбаковичнинг ўғли.
Хўш, хўш, хўш… Қизиқ!
Алиев Рустам Хушбакович асосий персонага ўхшайди.
2022 йил 5 июль «Хушбоқ Али Ангор» ХК таъсисчиси Алиев Рустам Хушбакович мен унинг ўғли деб тахмин қилаётган Алиев Ўктам Рустамовичга тегишли «Хайитбек-Сурхон» МЧЖ билан 529 млн сўмлик тендерда рақобат қилади ва ғалаба қозонади.
Иш: «Чиғатой» маҳалласида жойлашган Шеробод канали устидан ўтган кўприкни жорий таъмирлаш ишларини бажариш.
2024 йил 23 июнь. «Хушбоқ Али Ангор» ХК ягона рақиби Дарбанд қурилиш МЧЖни мағлуб қилиб деярли 1,5 млрд сўмлик тендерни қўлга киритади.
Иш:
4Р-100 Мангузар к. – Жарқўргон ш. Бандихон к. – Олтинсой к. – Денов ш. Автомобиль йўлининг 20-21 км оралиғини таъмирлаш ишларида ёрдамчи пудратчи корхонани аниқлаш.
Бир вақтнинг ўзида юқоридаги тендернинг иккинчи қисми ҳам бўлиб ўтади. Унга кўра, келтирилган йўлни 21-22 км қисмини таъмирлаш керак эди. Яна фақатгина икковлон қатнашади ва яна деярли 1,5 млрд сўмлик тендерни «Хушбоқ Али Ангор» ХК қўлга киритади.
Икки тендер бўйича ҳам шартнома тузилган, аммо Ғазначилик қабул қилмаётгани айтилган.
«Хушбоқ Али Ангор» ХК ва «Дарбанд қурилиш» МЧЖ яна бир йирик тендерда иштирок этишган. 2022 йил 29 декабрда ўтказилган 5,3 миллиард сўмлик тендерни «Хушбоқ Али Ангор» ХК қўлга киритади. Лекин бу тендерда Дарбанд қурилиш МЧЖдан ташқари яна 3 та корхона рақобатчи бўлган. Кўп маълумотларни текширишга ваколатимиз йўқ, бу тендерни ҳам керак бўлса текшириш керак!
Хўш, энди бу харид ва тендерларда ўйин бўлмагани ва коррупция ҳолати аралашмаган дея оламизми?
***Данияров Мансур Ташпўлатович ва Алиев Ўктам Рустамович 2024 йил 23 июндаги тендер олдидан (эҳтимол «рақобатни таъминлаш» учун) компанияни Шайдуллаев Ҳайитмурод номига ўтказишган. Аммо интернет ҳеч нимани унутмайди. Ҳуқуқларни топширилиши ҳақидаги ҳужжатларни кўтариб, бунга аниқлик киритиш мумкин.