Глобал иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик шароитида Марказий Осиё давлатларидан оқиб ўтувчи дарёларда сув ҳажмларининг пасайиши кузатилиши катта ва ўрта ГЭСларни тўлиқ қувватларда ишлашини чеклайди. Бу эса, ишлаб чиқарилаётган экологик тоза электр энергияси ҳажмига салбий таъсирини ўтказмоқда. Электр энергияси ҳажмларида юзага келадиган тафовутни қоплашда кичик сув босими ва харажатида ишловчи микро ГЭС лар муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Контент Марказда ўтган матбуот анжуманида журналистлар томонидан микро гидроэлектр станциялар (ГЭС) бўйича амалий натижалар юзасидан савол қўйилди.
2022 йилда дарёлар ижарага берилиб, маҳаллий аҳоли иштирокида 3 мингта микро ГЭС қуриш режаси айтилган эди. 2026 йилга келиб, қанчаси ишга туширилди ёки туширилмоқда?

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Хорижий инвестициялар департаменти бошлиғи Авазбек Зокиров ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар, мавжуд натижалар ва режалар ҳақида маълумот берди.
Зокировнинг таъкидлашича, бу лойиҳаларни амалга ошириш механизми асосан аукцион савдолари орқали тадбиркорларни жалб қилишга қаратилган. Ҳозиргача 1,5 мингдан ортиқ лойиҳа бўйича аукционлар ўтказилиб, ташаббускорлар аниқланган. Лойиҳаларни ҳужжатлаштиришдан тортиб, ишга туширишгача бўлган жараёнлар Энергетика вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
2023 йилда Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 16 та микро ГЭС ишга туширилган. 2026 йил биринчи чорагида эса яна иккита лойиҳа — Самарқанд вилоятида 490 киловатт, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 375 киловатт қувватли микро ГЭСлар фойдаланишга топширилган.
Шу тариқа, расмий маълумотга кўра, ҳозиргача 20 дан ортиқ микро ГЭС ишга туширилган, уларнинг умумий қуввати эса қарийб 30 мегаваттни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, 2025 йил 28 март куни Президент томонидан «Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланган. Унга кўра, 2025–2026 йилларда жами қуввати 164 МВт бўлган 2983 та микро ГЭС қуриш, йилига 500 млн кВт/соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш, 280 минг аҳолини электр билан таъминлаш, табиий газ истеъмолини 151 млн куб метрга қисқартириш ва 251 минг тонна СО₂ чиқиндиларини камайтириш режалаштирилган эди. Шунингдек, лойиҳалар доирасида 1200 нафар вақтинчалик ва 520 та доимий иш ўрни яратилиши, микро ГЭСларни тадбиркорларга онлайн аукцион орқали бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида реализация қилиш механизми жорий этилиши айтилган.




