Мисрнинг Тошкентдаги элчиси Тамер Ҳаммад Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди. Учрашувда фармацевтика, тўқимачилик ва чарм маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш истаги билдирилди.
Элчи Ҳаммад, шунингдек, ўзбек ишчиларини тилла заргарлик буюмлари дизайни бўйича ўқитишга ва цитрус мевалари, сабзавотлар ҳамда маҳаллий меваларни экспорт қилишга тайёрлигини билдирди. Шу муносабат билан томонлар қўшма қўмита йиғилишининг еттинчи сессиясини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва аниқ режаларни белгилаш масалаларини муҳокама қилдилар.
2024 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қунғиротбой Шарипов Миср университетлари билан тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, кимё, муҳандислик, технология, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, сув ресурсларини бошқариш ва энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилишга қизиқишини билдирди.
Вазир Шарипов Миср университетларининг Ўзбекистонда филиаллар очишини қўллаб-қувватлашини ва мамлакатимизда араб тили ва адабиёти ўқитилишини кўриб чиқаётганини таъкидлади.
Ушбу баёнотлар Тошкентдаги собиқ Миср элчиси Амира Фаҳмий билан учрашув чоғида айтилган. Учрашувда Миср талабалари Ўзбекистон университетларига қабул қилиниши ва Миср университетларининг профессор-ўқитувчилари Ўзбекистон олий ўқув юртларида фаолият юритиши каби мавжуд ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.




