Ўзбекистонда давлат харидлари жараёнларини таҳлил қилиш натижасида ўн минглаб рақобатга зид ҳаракатлар фош этилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йил давомида давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган, умумий бошланғич қиймати 18,8 трлн сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат хариди ўрганилган. Таҳлиллар натижасида 16 135 та савдо жараёнида жами 28 304 та рақобатга зид ҳолат аниқланган.
Аниқланган қонунбузилишлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
– 16 017 та ҳолатда савдоларни ўтказиш тартиби қонун талабларига зид равишда бузилган;
– 1 145 та ҳолатда савдо иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳолатлари кузатилган;
– 801 та ҳолатда айрим иштирокчилар асоссиз равишда савдодан четлаштирилган;
– 8 647 та ҳолатда айрим иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар яратилган;
685 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари аниқланган;
– 61 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик қайд этилган;
– 948 та ҳолатда бошқа турдаги рақобатга зид ҳаракатлар фош қилинган.
Қўмита маълум қилишича, мазкур ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўрганилмоқда. Жумладан, 11 427 та харид бўйича материаллар ваколатли органларга юборилган.
Шунингдек, 4 708 та харид юзасидан ишлар қўзғатилиб, давлат харидлари субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан 714 та маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, судларга тақдим этилган.
Қонунбузилишларга йўл қўйган айрим корпоратив буюртмачиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланиб, камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилган.




