Кўприк ўпирилди, боғчада болалар заҳарланди — аммо ҳокимлар аҳоли олдида жавоб бермади
Ўзбекистоннинг икки ҳудудида инсонлар ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ жиддий ҳолатлар юз берди. Бироқ Фарғона вилояти ҳокими Xайрулла Бозоров ва Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов бу ҳолатлар бўйича оммавий ахборот воситалари ва аҳоли олдида шахсан ҳисобот бермади. Сайланмаган ҳокимлар жамоатчилик олдида масъулиятни қай даражада ҳис қилади?
Тошкентда хавфли инцидент — кўприк девори қулаб тушди
2024 йилда қурилган, ҳокимлик томонидан 100 йил хизмат қилиши айтилган Тошкент шаҳридаги йўл ўтказгич деворининг бир қисми 2026 йил март ойида ўпирилиб тушди.
Бу ҳодиса инсонлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин эди. Бироқ ҳолат юзасидан шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов шахсан чиқиб жамоатчиликка тушунтириш бермади.
Ҳокимлик ҳодисага ёғингарчилик сабаб бўлганини билдирган баёнот берди. Аммо бу фақат матбуот котиби орқали қилинган изоҳ билан чекланди.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида бошқа низолар ҳам давом этмоқда. Масалан тадбиркорлар пешлавҳаларини олиб ташлаш бўйича можаролар, бекатлар бузилиши билан боғлиқ компенсация муаммолари, шаҳар инфратузилмасига оид норозиликлар оммада кенг муҳокама бўлмоқда. Тармоқда норози бўлган тадбиркорлар видеомурожаатлари кўпаймоқда.
Шу каби масалаларга қарамай шаҳар ҳокими журналистлар билан очиқ мулоқотга чиқмади.
Фарғонада боғча болалари заҳарланди ва воқеа унутилди.
Фарғона вилоятида эса болалар саломатлиги билан боғлиқ жиддий ҳолат юз берди.
Расмий маълумотларга кўра, давлат боғчаларида озиқ-овқатдан 62 нафар бола заҳарланган.
Бу боғчаларга озиқ-овқат етказиб берган компания — Garden Catering Trade бўлган.
Uzdiplomat’нинг сўровига кўра, вилоят матбуот хизмати мазкур фирма тендерсиз танлаб берилганини тасдиқлади. Бу қарорни шахсан вилоят ҳокими Xайрулла Бозоров қабул қилган.
Матбуот котибининг изоҳига кўра: фирма раҳбари Иқболжон Бозоров ҳоким билан қариндош эмас. Компанияни танлаш сабаби эса тадбиркорга имконият бериш истаги бўлган холос.
Бироқ рақобатсиз танлов қандай қилиб амалга оширилгани ва болалар заҳарланиши учун ким жавобгарлиги юзасидан ҳоким шахсан медиага изоҳ бермади. “Жавобни бошқа тегишли ташкилотлар”, берсин деди Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби.
Ўзбекистонда ҳокимлар аҳоли томонидан сайланмайди, балки юқоридан тайинланади.
Сайланмаган раҳбар жамоатчилик олдида эмас, уни тайинлаган тизим олдида ҳисобдор бўлмоқда. Аҳоли норозилиги эса четда қолмоқда. Юқорида айтилган “давлат идоралари халққа хизмат қилади”, деган иборалар қоғозда қолиб кетаётгандек.




