Ўзбекистон қонунчилиги учун сиз “номақбул хорижлик”мисиз ёки “Ватандош”?
Ўзбекистон ҳақида номақбул фикр айтган хорижликларни чеклаш амалиётидан кейин, уни акси бўлган ижобий қўлловчилар учун “Ватандош” гувоҳномаси жорий этилиши ҳақида президент қарори эълони қилинди. Аммо, “Ватандош” даражаси 5 йил аввал жорий этилган “Фахрий фуқаро” мақомини қисман такрорламоқда. Фарқи шундаки, «Фахрий фуқарода» бошқа миллат ва турли давлат фуқароларига берилса, «Ватандош» илдизлари Ўзбекистон билан боғлиқ ватандошларга берилади.
Ўзбекистонда қўшимча ҳуқуқ ва имтиёзлар берадиган “Ватандош” гувоҳномаси ҳамда “Ватандош” картаси жорий этилмоқда.
Аввал ҳам Ўзбекистонда “Ватандош” каби “Фахрий фуқаро” мақоми мавжуд эди.
2019 йилда Вазирлар маҳкамасининг “Фахрий фуқаро” мақомини бериш бўйича қарори эълон қилинган. Унга кўра, «Фахрий фуқаро» мақоми иқтисодиёт, фан, маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига катта инвестиция киритган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилиши кўзда тутилган. “Фахрий фуқаро” мақоми ҳам “Ватандош” гувоҳномаси каби қатор имтиёзларга эга бўлиб, улар орасида фарқ катта эмас.
“Ватандош” сифатида ким тушунилади?
“Ватандош” тушунчаси сифатида – келиб чиқиши Ўзбекистон ҳудудидан бўлган ёхуд этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган, Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган шахслар ва уларнинг авлодлари тушунилмоқда.
Кимларга берилади?
“Ватандош” гувоҳномаси – юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган хориждаги ватандошларга берилади ҳамда “Ватандош картаси”ни олиш учун асос бўлади. “Ватандош” картаси – 5 йилгача муддатга ID-карта шаклида расмийлаштирилади.
Ватандош картаси имтиёзлари борми?
• Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
• Ўзбекистон ҳудудида ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз меҳнат фаолиятини олиб боришда Ўзбекистон ҳудудида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
• кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулк миқдорлари татбиқ этилмайди;
• ўзи ва оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
• оила аъзоларига давлат божисиз кўп марталик виза олиш ва унинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон ҳудудидан чиқмасдан узайтириш;
• оила аъзоларини вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда давлат божидан озод қилинади.




