“Ўзбекистонлик дўстларимиз Британиянинг ниятларини жуда яхши билишади” – Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёга ташрифидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ҳам Ўзбекистонга келди.Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Телеграм-каналида алоҳида қайд этиб ўтган.
“Бугун ТИВда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин жаноблари билан учрашдик. Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларини, шунингдек, Ўзбекистон – Россия стратегик шериклигининг кенг кўламли кун тартибини муҳокама қилдик”, — деб ёзган Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Галузин эса ўзидан олдин Саидов билан учрашган Британия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг музокаралари Россия-Ўзбекистон алоқаларига путур етказиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Жума куни журналистлар билан мулоқотда у Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад Россияга максимал даражада зарар етказиш ва иттифоқчиларини Москвадан узоқлаштириш эканини маълум қилган.
“Мақсад – Россияга максимал даражада зарар етказиш, ўзининг анъанавий хорижий ҳамкорлари ва иттифоқчиларини Россиядан узоқлаштиришдир Бизнинг ўзбекистонлик дўстларимиз расмий Лондоннинг ниятларининг бу жиҳатини жуда яхши билишади”, – деган Галузин Кэмероннинг ташрифини шарҳлар экан.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон аввалроқ минтақавий хавфсизлик масаласида Ўзбекистон билан музокара ўтказган эди.