Дин ишлари бўйича қўмита 7 мартдан 7 апрелгача Умра зиёрати хизмати учун тадбиркорлик субъектларидан лицензия олиш бўйича аризалар қабул қилинишини маълум қилди. Лицензия олиш учун асосий талаблардан бири – «Зиёрат» жамғармасига камида 1 миллион АҚШ доллари маблағ захира қилиш ҳисобланади.
Эълондан сўнг ижтимоий тармоқларда яна баҳс-мунозаралар бошланди. Айримлар бу тизим сафарлар шаффофлигини таъминлаш учун керак, деса, бошқалар «умра хизматида монополия яратилади» деган фикрни илгари сурмоқда.
Бу монополияга олиб келадими?
Ташаббус эгалари фикрича:
– Лицензиялаш тизими фирибгарлик ва ноқонуний ташкилотларнинг олдини олиш учун зарур.
– 1 миллион доллар катта сумма эмас, чунки зиёрат хизматлари ишончли ва кафолатланган бўлиши керак.
– Саёҳатчиларга сифатли хизмат ва хавфсизлик таъминланади.
Танқидчилар фикри:
– Бундай катта молиявий талаблар кичик ва ўрта бизнес учун тўсиқ бўлиб, фақат йирик компаниялар лицензия олиши мумкин.
– Рақобат пасайиб, монополия кучаяди, бу эса хизмат нархини сунъий ошириши мумкин.
1 миллионлик тартибдан олдин ва кейин…
Ўзбекистонда умра зиёратини ташкил этиш билан кўплаб туристик компаниялар шуғулланган. 2023 йил октябрь ойи бошида 77 та фирма умра хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб, умра тадбирларини ташкил этиш фаолияти учун қўшимча талаблар кучга кирди. Бу талаблар орасида энг муҳими — 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни «Зиёрат жамғармаси»га захира қилиб қўйиш шартидир.
Янги талаблар жорий этилгандан сўнг, умра хизматларини кўрсатувчи компаниялар сони сезиларли даражада қисқарди. 2024 йил ноябрь ойига келиб, фақат 12 та туристик компания ушбу фаолият учун лицензия олган.
Айтиш керакки, Умра зиёратини ташкил этишда айрим хусусий компаниялар билан боғлиқ муаммолар кузатилган. Баъзи туроператорлар рекламаларда берган ваъдаларини бажармаган, бу эса зиёратчиларнинг манзилга етиб борганда меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммоларга олиб келган. Шунингдек, самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикиши каби ҳолатлар бўлди.




