Бу бўйича ўз таҳлиллари хулосаларини эълон қилган иқтисодчи Отабек Бакировни таъбирича сунъий тўсиқлар билан автомобиллар импорти қисқартирилган, лекин бу айсберг учи холос.
2024 йилда Автомобиллар импорти пул қийматида 1,9 млрд.доллардан 1,3 млрд. долларгача қисқартирилган.
«2024 йил бошидан охиригача автомобиллар импортга турли кўринишда тўсиқлар ва тақиқлар қўйиш ҳаракатлари билан ўтди.
Албатта, бу статистикада акс этмаслиги мумкин эмасди.

Лекин импорт статистикаси ҳам сизни аҳволнинг нақадар оғир ва аянчли эканидан чалғитади. Чунки автомобиль қилинди дегани у сотилди ёки эксплуатацияга олинди дегани эмас. Автомобиль учун импорт чекловларидан кейинги навбатдаги тўсиқ сертификация. Сертификациядан эса охирги ойларда ҳар учта импорт автомобилдан биттасигина ўта олиши мумкин. Сунъий равишда шундай бутилка бўғзи ҳосил қилинган. Мақсад: ўзбекистонликлар импорт қилмасин, безсин, қўл силтасин, автомобиллар олиб келмасин, рақобат бўлмасин», дейди иқтисодчи.
Газета.узнинг маълумотига қараганда 2024 йили электр ва гибрид автомобиллар импорти биринчи марта анъанавий бензинли машиналар импортидан ошган. Бакиров бу тенденцияни 2025 йилда давом этмаслиги эҳтимоли юқори, демоқда. Чунки электромобиллар бозорини бир қўлли қилиш ҳаракатлари тобора кучайиб бормоқда.
«Ўзбек истеъмолчисини автомобиль масаласида 30 йил танловсиз талашган бўлса, энди буёғига электромобиль борасида танловсиз қақшатиш режалари амалга оширилмоқда.
Қўрқаманки, мотоцикл (скутер ва мопедлар) импортиниям чеклашади», дейди у.
Божхона қўмитасига кўра, 2024 йилда 32,3 млн.долларлик 211 876 дона мотоцикл (скутер ва мопедлар) импорт қилинган. Бу 2023 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробар кўплигини кўрсатади.
Отабек Бакировнинг ёзишича, 211 876 та мотоцикл бу юзминглаб курьерлар, деҳқонлар, техник касб эгалари учун ишчи ўрни, кичик бизнес ривожи дегани.
«Лекин зараркунанда ўзбек чиновниги буни тушунадими? Унинг кўзига ўсаётган импорт ҳажми келади, импортни ойболта билан қисқартириш ва қайсидир муттаҳамнинг каррасига қимматлаштирилган “маҳаллийлаштириш” лойиҳалари 30 йиллик моғор босган кабинет қоровуллари учун асосий KPI.
Қолаверса, скутерлар ва мопедлар учун улар нархининг ярмига етадиган номер тўловлари жорий қилиб олишди.
Бу ишни ҳатто совет босқинчилариям қилишмаганди», деб ёзди у саҳифасида.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида хориждан қиймати 1 184,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган 68 684 дона енгил автомобиль (электромобилларни қўшган ҳолда) импорт қилинган.
Энг кўп енгил автомобиль импорт қилинган давлат Хитой бўлди, ушбу давлатдан 55 703 дона олиб келинган.
Кейинги ўринларда Корея – 11 266 дона, АҚШ – 633 дона, Ҳиндистон – 577 дона, Япония – 152 дона, бошқа давлатлар – 353 дона.




