Ўзбекистонда фуқароларнинг йиллик даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизими синовдан ўтказилмоқда. Янги тартибга кўра, солиқ органлари фуқаролар қанча даромад топгани билан бирга, уй-жой, автомобиль, коммунал хизматлар ва кредитлар учун қанча маблағ сарфлаганини ҳам ҳисобга олади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 574-сон қарори билан Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида яшовчи фуқаролар ҳамда солиқ органлари ходимлари учун йиллик даромад декларациясини тақдим этишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Тажриба-синов 18 ёшга тўлган ва мазкур шаҳарларда доимий рўйхатга олинган фуқароларга татбиқ этилади. Декларациялар 2026–2027 йилларда олинган даромадлар бўйича топширилади.
Давлат фуқароларнинг харажатларини ҳисобга олади
Янги тизимда фуқароларнинг иш ҳақи, мулкий даромадлари ва бошқа тушумлари билан бир қаторда кўчмас мулк, транспорт воситалари, кредитлар, солиқлар ва коммунал хизматлар учун қилинган харажатлари ҳам акс эттирилади.
Бу маълумотлар давлат идоралари базалари, электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда «Soliq» иловасида рўйхатдан ўтказилган харид чеклари орқали шакллантирилади.
Декларация кейинги йилнинг 1 апрелигача электрон тарзда тақдим этилади.
Даромад ва харажат ўртасида фарқ аниқланса нима бўлади?
Қарорга кўра, тажриба давомида аниқлаштирилган солиқ базаси бўйича қўшимча солиқ ҳисобланмайди ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди. Бироқ Солиқ кодексининг 393-моддасида белгиланган даромадлар бундан мустасно.
Шундай бўлса-да, тизим фуқароларнинг расмий даромадлари билан уларнинг харажатларини ўзаро солиштириш имконини беради.
Нега декларация аввало оддий фуқаролардан талаб қилинмоқда?
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларациялаш масаласи йиллар давомида муҳокама қилиниб келмоқда. Энди эса Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида оддий фуқароларнинг ҳам даромад ва харажатларини ҳисобга олиш тизими синовдан ўтказиляпти.
Солиқ органлари ходимлари учун жорий қилинаётган тартиб барча давлат амалдорлари учун мажбурий декларация тизими амалга кирганини англатмайди.
Давлат амалдорларининг даромадлари билан харажатлари қачон худди шундай шаффоф тизим асосида текширилади?




