Ўзбекистон рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ривожлантириш учун Жаҳон банкидан яна 50 миллион доллар миқдорида қарз олади. Бу ҳақда банкнинг мамлакатдаги ваколатхонаси маълум қилди.
Унга кўра, кеча, 30 ноябр куни Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш учун имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаган.
Ушбу лойиҳа асосан, Ўзбекистоннинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган ёшларни соҳа юзасидан ўқитишни мақсад қилган.
“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади”, – дея таъкидлаган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Прогнозларга кўра, 2029 йилда лойиҳа якунига келиб, ITES хизматлари соҳасида Ўзбекистонда 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Келгусида бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади.
Лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT-Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, жорий ўн йиллик охирига қадар мамлакатни Марказий Осиё ИТ-хабига айлантириш, ИТ экспортининг йиллик ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, Ўзбекистонда фаолият юритиш учун 1000 та хорижий ИТ-компанияларни жалб этиш ва ИТ соҳасида 300 000 нафар ёшларни иш билан таъминлаш мақсад қилингани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш учун 46 млн АҚШ доллари грант ажратганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2022 йилда ҳам миллий статистика тизимини модернизация қилиш бўйича беш йиллик лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкидан 50 млн АҚШ доллари, 2021 йилда миллий инновацион тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун ҳам худди шунча – 50 млн АҚШ доллари, 2020 йилда эса «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банкидан 30 йил муддатга нақд 500 млн доллар, 2019 йилда эса ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш учун ҳам 50 млн доллар миқдорида қарз олган эди.