Мудофаа вазири маслаҳатчиси Олимжон Ўсаровнинг айтишича, сўнгги йилларда ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши сезиларли даражада ошган. Бу ўсиш қизлар орасида ҳам кузатилмоқда. Бироқ вазирлик вакили қизиқиш қанча фоизга ортгани ҳақида аниқ статистика келтирмади.
Uzdiplomat.uz мухбири Мудофаа вазири маслаҳатчиси Олимжон Ўсаровдан сўнгги йилларда ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқиши қандай ўзгаргани ва бу борада статистика юритилиши ҳақида сўради.
Ўсаровнинг таъкидлашича, ҳарбий хизматга қизиқишни баҳолаш учун бир нечта кўрсаткич мавжуд. Улардан бири ҳарбий олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган ёшлар сонидир.
«Қабул қилинадиганларнинг квотаси аниқ, лекин ҳужжат топшираётганлар сони йилдан йилга каррасига ошяпти», — деди у.
Мухбир бу ўсиш аҳоли сонининг кўпайиши билан боғлиқ эмасми, деган саволни ўртага ташлади.
Ўсаров буни демографик ўсишдан кўра ёшларнинг ҳарбий касбга қизиқиши билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, мактабни битираётган ўғил болалар сони ҳисобга олинади, қолаверса, ёшларда бошқа олий таълим муассасаларини танлаш имконияти ҳам кенгайган.
Вазир маслаҳатчиси 2026 йилда Қуролли кучлар сафида хизмат қилиш истагини билдирганлар сонида ҳам катта ўсиш кузатилганини маълум қилди.
У қизиқиш ортишига армиядаги имтиёзлар, жумладан, муддатли ҳарбий хизмат давомида касб ўрганиш ва олий таълимга кириш имкониятлари таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
Ўсаровнинг билдиришича, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар давлат ҳисобидан камида иккита касбни эгаллаши, шунингдек, хизмат давомида олий ўқув юртларига онлайн имтиҳон топшириши мумкин.
Суҳбат давомида у жорий йилда ҳарбий хизматчилар орасидан талабаликка қабул қилинганлар сони кутилганидан юқори бўлганини айтди. Бироқ қанча аскар талаба бўлганини маълум қилмади.
Uzdiplomat.uz мухбири суҳбатда қизлар ва аёлларнинг ҳарбий соҳага қизиқишига ҳам алоҳида тўхталди.
Ўсаров авваллари ўзи ҳам аёлларнинг ҳарбий хизматга қизиқиши унчалик юқори эмас, деб ўйлаганини, аммо амалда вазият бошқача эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бугун нафақат ҳарбий таълим муассасаларида ўқиётган қизлар, балки фуқаролик олийгоҳларини тамомлаган аёллар ҳам ҳарбий хизматга кириш учун ҳужжат топширмоқда.
Мухбир айнан қизлар сони бир йилда қанчага кўпайганини сўраганида, вазирлик вакили аниқ рақамларни айта олмаслигини билдирди.
«Рақамларни айта олмайман. Фоизларда айтишим мумкин, бир неча фоизга кўпайяпти», — деди Ўсаров.
Бироқ бу ўсишнинг аниқ фоизи ҳам, қайси йиллар билан таққосланаётгани ҳам маълум қилинмади.
Шунингдек, суҳбатда қизлар учун ҳарбий соҳадаги имкониятлар нега алоҳида белгиланаётгани ва бу дискриминация эмасми, деган савол ҳам берилди.
Ўсаров буни айрим ҳарбий вазифаларнинг жисмоний оғирлиги билан изоҳлади. Унинг айтишича, аёллар учун мос деб ҳисобланган йўналишлар мавжуд.
Жумладан, ҳарбий қисмларда психологлар фаолияти йўлга қўйилган, ушбу йўналишда ишлаётган мутахассислар ҳарбий унвон ва тегишли имтиёзларга эга бўлиши мумкин.




