Президент бизнес учун янги чораларни эълон қилди
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор янги ташаббусларни эълон қилди. Улар кредитлаш, давлат мулки ва ерларини сотиш, энергия учун тўловлар, экспорт, сунъий интеллект, текширувлар ҳамда туризм соҳаларини қамраб олади.
– янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқарувчилар учун “Бизнес лифт”, ўсиш босқичидаги корхоналар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари ишга туширилади;
– “Бизнес старт” доирасида 200 млн сўмгача гаровсиз кредит ва тайёр бизнес-режалар таклиф қилинади;
– бизнесни янги бошлаётганлар 5 млрд сўмгача кредитни онлайн расмийлаштира олади;
– 10 млрд сўмгача кредитларда тадбиркорга гаровнинг 25 фоизини таъминлаш кифоя бўлади. Қолган қисми давлат, Бизнесни кафолатлаш компанияси ва банклар зиммасига олинади.
– давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Олти ойда тўлиқ тўлаганларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолган қисмини 7 йилда фоизсиз тўлаши мумкин;
– уч ой сотилмаган давлат мулки нархи босқичма-босқич пасайтирилади;
– аукционга қўйиладиган ерлар қурилиш рухсати ва зарур ҳужжатлари билан “тайёр пакет” шаклида сотилади.
– Банклар балансидаги қиймати 9 трлн сўмлик 2,5 мингта мулк бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шартида сотилиши мумкин. Уни сотиб олган тадбиркор бир йил ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
– Электр ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов ҳам бекор қилинади. ASKUE ва ASKUG тизимига уланган, тўлов интизоми яхши корхоналар учун аванс миқдори 15 фоиз этиб белгиланади.
Президент бизнесга сунъий интеллектни кенг жорий этиш вазифасини ҳам белгилади. “10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор” дастури доирасида корхоналарнинг сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш харажатининг 50 фоизи қопланади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 млн доллар ажратилади.
Экспортчилар учун эса “Экспорт навигатор” тизими ташкил этилади. Миллий брендни хорижда тарғиб қилиш учун 50 минг долларгача субсидия, хорижий брендмейкер жалб этиш харажатининг ярми — 500 минг долларгача қопланади. Экспортчиларни қўллаб-қувватлашга камида 1 млрд доллар йўналтирилади.
Шунингдек, товар учун пул ҳали келмаган бўлса ҳам экспортга қўйилган чеклов бекор қилинади, инвойс бўйича 50 фоиз олдиндан тўлов талаби олиб ташланади. Савдо уйлари ва дистрибьюторлар орқали экспортда валюта тушумини қайтариш муддати 180 кундан 365 кунга узайтирилади.
Текширувлар бўйича энг катта ўзгаришлардан бири — кичик бизнес учун уч йиллик мораторий. Одамлар саломатлиги ёки бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувлар уч йил давомида ўтказилмайди.
Бундан ташқари:
– барча турдаги жарималар ўртача икки баравар камайтирилади;
– биринчи марта қоида бузган тадбиркорга дарҳол жарима эмас, камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муҳлат берилади;
– 2027 йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий қилинади;
– тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча унга жарима ёки бошқа чора қўлланмайди;
– 30 дан ортиқ фаолият тури бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади, яна 35 тасини бериш муддати 2–3 баравар қисқартирилади;
– давлат хизматларининг ярми “сукут — розилик” тамойилига ўтказилади.
Туризм соҳаси учун ҳам алоҳида имтиёзлар белгиланди. Меҳмонхоналар қуриш ва жиҳозлаш учун 50 млн доллар ресурс ажратилади, 10 йиллик 16 фоизли кредитлар берилади. Меҳмонхоналарнинг ер ва мол-мулк солиғини 10 баравар кам ставкада тўлаш имтиёзи 2030 йилгача узайтирилади.
Президент маълумотига кўра, йил бошидан Ўзбекистонга 8 миллион хорижий сайёҳ келган, уларнинг мамлакатда қолиш муддати ўртача 8 кунгача узайган.




