Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев вазир билан учрашиб ташриф ва бизнес-форум масалаларини муҳокама қилган.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Савдо вазири Жам Камол Хон билан учрашди. Учрашувда савдо, туризм ва маданий алмашувлар орқали икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир Жам Камол Хон яқинда Ўзбекистонга қилган ташрифи таассуротлари билан ўртоқлашиб, мамлакатнинг инфратузилмаси ва тезкор ривожланишидан ҳайратда эканини билдирди.
“Ўзбекистондаги тараққиёт ҳайратланарли, айниқса, унинг темир йўл тизими катта таассурот қолдирди”, деди у. Вазир Покистон ва Ўзбекистон ўртасида яқинда ишга туширилган авиақатновлар юқори талабга эга эканини таъкидлаб, бу йўналишда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиш зарурлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, диний туризм ва бошқа соҳалар ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатилди.
Элчи Алишер Тўхтаев икки томонлама савдо соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар мавжудлигини қайд этди. У қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика ва туризм каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Элчи Ўзбекистон элчихонаси икки давлат ўртасидаги бизнес алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришда ҳар доим ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Жам Камол Хон эса савдо ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш учун маҳаллий авиакомпаниялар билан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Шунингдек, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давомида бизнес-форум ташкил этиш ғояси ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида вазир Ўзбекистон Президенти ва бошқа расмийларга самимий саломларини етказиб, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш бўйича яқиндан ишлашга келишиб олдилар.




