- Ўзбекистон 100 баллдан 12 балл билан авторитар давлат сифатида кўрсатилган
- Туркманистон Шимолий Кореядан ҳам паст дунёдаги энг репрессив давлат сифатида баҳоланган.
- АҚШда ҳам эркинлик индекси пасайган
Freedom House’нинг 2026 йилги ҳисоботига кўра, Марказий Осиёдаги барча давлатлар “эркин эмас” тоифасида қолмоқда. Ўзбекистон 12 балл билан авторитар тизим сифатида баҳоланган бўлса, Туркманистон дунёдаги энг репрессив давлат сифатида қайд этилди.
АҚШдаги мустақил таҳлил маркази Freedom House томонидан эълон қилинган Freedom in the World 2026: The Growing Shadow of Autocracy ҳисоботи Марказий Осиёда сиёсий эркинликлар ҳолати ўзгармасдан қолганини кўрсатди.
Ҳисоботга кўра, минтақадаги бешта давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон — барчаси “эркин эмас” (not free) тоифасига киритилган. Эътиборлиси, бирорта давлатда ўтган йилга нисбатан эркинлик кўрсаткичларида ўсиш кузатилмаган.
Ўзбекистон 2025 йил учун 12 балл олган. Ҳисоботда таъкидланишича, 2016 йилдан кейин айрим ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, мамлакат ҳали ҳам авторитар давлат бўлиб қолмоқда ва демократик ўзгаришлар белгилари чекланган.
Қозоғистон эса 23 балл билан баҳоланган. Таҳлилда қайд этилишича, мамлакатда асосий ОАВ давлат ёки ҳукуматга яқин бизнес тузилмалари назоратида қолмоқда. Сўз ва йиғилиш эркинлиги чекланган, коррупция эса тизимли муаммо сифатида сақланиб қолган.
Қирғизистон ягона салбий динамика кўрсатган давлат сифатида қайд этилди — унинг рейтинги 26 баллдан 25 баллга тушган. Шунингдек, у сўнгги 20 йилда эркинлик кўрсаткичлари энг кўп пасайган давлатлар қаторига киритилган.
Туркманистон энг паст — 1 балл билан дунёдаги энг репрессив давлат сифатида баҳоланган. Тожикистон эса 5 балл олган.
Ҳисоботда мамлакатлар 0 дан 100 гача бўлган шкалада баҳоланади. Унда сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари асосий мезон сифатида олинади.
Кавказ минтақасида эса Грузия (51 балл) эркинлик кўрсаткичи пасайган давлат сифатида қайд этилди ва Арманистон (54 балл) минтақадаги энг очиқ сиёсий тизимга эга давлат сифатида баҳоланди. Озарбайжон эса 6 балл билан “эркин эмас” тоифасида қолди.
Ҳисоботда ҳатто АҚШда ҳам эркинлик индекси пасайгани қайд этилди — мамлакат кўрсаткичи 84 баллдан 81 баллга тушган.
Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий очиқликка интилаётган бўлса-да, сиёсий тизимларда демократик ўзгаришлар ортда қолмоқда.




