Қозоғистон пойтахти Остонда бўлиб ўтган учинчи ЕИ–Марказий Осиё Форумида барча Марказий Осиё давлатларидан 100 дан ортиқ журналист, фактчекер ва медиа мутахассислар иштирок этди. Ўзбекистондан келган журналистлар ҳамда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги офиси вакиллари ҳам форумда фаол қатнашди.
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги Делегацияси Франция, Германия ва Литва билан ҳамкорликда «The Digital Frontline: Online Presence in Times of AI and Information Manipulation» мавзусидаги минтақавий Медиа Форумни ўтказди.
Форумда ЕИ элчиси Алеска Симкич рақамли трансформация, масъулиятли сунъий интеллект ва дезинформацияга қарши кураш бўйича минтақавий мулоқотнинг аҳамиятини таъкидлади. ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стйипрайс эса ОАВнинг демократия ва жамиятни хабардор қилишдаги ҳал қилувчи ўрнига тўхталиб ўтди.
Форум доирасида рақамли хавфсизлик, дипфейклар, ИИ орқали яратилган манипуляциялар, журналистик барқарорлик ва киберхавфсизлик бўйича амалий мастер-класслар ўтказилди.
Тадбир қатнашчиларига Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ҳам махсус салом йўллади. Форум ЕИнинг Марказий Осиёда медиа эркинлиги ва рақамли барқарорликни қўллаб-қувватлашдаги узоқ муддатли мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади.




