Ал-Жазира нашрининг хабар беришича, Тожикистон–Афғонистон чегарасида хавфсизликнинг ёмонлашуви Хитой манфаатларига таҳдид солмоқда ва Пекиннинг Марказий Осиё барқарорлигига доир хавотирларини кучайтирмоқда.
Хабарга кўра, тожик расмийлари сўнгги ойларда афғон ҳудудидан қуролли таҳдид ҳолатларини қайд этган, натижада ўндан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида Тожикистоннинг чегара ҳудудларида иқтисодий ва кончилик лойиҳаларида ишлаётган хитойлик фуқаролар ҳам бор. Ҳужумлар айниқса хитой компаниялари ва ишчиларига қаратилгани айтилмоқда.
Ал-Жазиранинг таъкидлашича, Тожикистоннинг энг йирик қарз берувчиси ва муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Хитой чегара ҳудудларида инфратузилма, йўл қурилиши ва кончилик лойиҳаларида иштирок этмоқда. Шу сабабли Пекин Афғонистон–Тожикистон чегарасида ўз фуқароларининг хавфсизлиги борасида ҳавотир кучайган.
26 ноябрь куни хитойликларга тегишли олтин кони компанияси дрон орқали ҳужумга учрагани, шунингдек, хитойлик давлат компанияси ишчиларига ўт очилгани натижасида бир неча хитой фуқаролар ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Шу воқеалардан сўнг Душанбедаги Хитой элчихонаси ўз фуқаролари ва компанияларига чегара ҳудудларини тарк этишни тавсия қилди ҳамда хитойлик фуқаролар ва инвестицияларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун “барча зарур чоралар”ни кўришни Тожикистондан сўради.
Мутахассисларга таянган ҳолда, Ал-Жазиранинг ёзишича, ҳужумларнинг аниқ ижрочилари расман аниқланмаган бўлса-да, уларнинг услуби Хуросон ИШИД гуруҳи фаолиятига мос келади. Таҳлилчиларга кўра, гуруҳнинг мақсади хорижликларга ҳужум қилиш орқали Толибоннинг минтақавий хавфсизликни таъминловчи куч сифатидаги нуфузини ерга уришдир.
Хабарда таъкидланишича, Тожикистон–Афғонистон чегарасида тўқнашувларнинг авж олиши ва хитой манфаатларига қилинган ҳужумлар минтақавий хавфсизлик вазиятини янада мураккаблаштириши, шунингдек, Толибон ва қўшни давлатларга қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Тожик расмийларига таянган ҳолда, Ал-Жазиранинг ёзишича, бу ҳужумлар Толибоннинг “масъулиятсизлиги” ва хавфсизлик ҳамда халқаро мажбуриятларни бажара олмаётганини яна бир бор кўрсатди. Душанбе Толибондан узр сўрашни ва чегара хавфсизлиги бўйича кафолатлар берилишини талаб қилди.
Тожик томонининг айтишича, ҳужумларнинг кўпчилиги Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидан келмоқда. Ал-Жазира ушбу ҳудудни хавфсизлик нуқтаи назаридан “мураккаб” деб таърифлайди. Хабарда қўшимча қилинишича, Толибоннинг кўкнори экинини йўқ қилиш бўйича олиб бораётган сиёсати ва бундан норози бўлган деҳқонлар норозилиги ушбу ҳудудни янаям хавфли қилмоқда.
Толибон эса воқеалардан “афсусда” эканини билдириб, ҳужумларда ноаниқ гуруҳларни айблади. Ҳамда Афғонистон қўшни давлатлар учун таҳдид эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, улар Доха келишувига содиқ эканини яна бир бор таъкидладилар.




