Ўзбекистонда вояга етмаганлар билан никоҳ муносабатларига киришганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши режалаштирилмоқда. Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасига кўра, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатлари учун белгиланган жазо чоралари сезиларли даражада оғирлаштирилади.
✔️Яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тақиқланади
Лойиҳада яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқлаш нормалари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Хусусан,:
амаки, тоға, амма ва холаларнинг ўз жиянлари билан;
шунингдек, амакивачча, тоғавачча, аммавачча ва холаваччалар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.
Айрим истисно ҳолатлар фақат фарзандликка олинган ёки ўгай фарзанд бўлган шахслар билан боғлиқ ҳолатларда қўлланади.
✔️Никоҳ ёшини камайтириш тартиби сақланади
Никоҳга киришни истовчиларнинг аризасига асосан, ҳомиладорлик ёки бола туғилиши билан боғлиқ ҳолатларда туман ёки шаҳар ҳокими никоҳ ёшини 1 йилгача камайтириш ҳуқуқига эга бўлади.
✔️Жазолар қанчагача оширилади?
Энг муҳим янгилик — никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришганлик учун жазо деярли икки бараваргача оширилади.
Эндиликда бундай ҳолат учун:
БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида (20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) жарима,
ёки 240–300 соатгача мажбурий жамоат ишлари,
ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланади.
Аввал эса бу каби ҳолатлар учун жарима миқдори 8,2 млн сўмдан 12,3 млн сўмгача бўлган.




