Квоталар ҳам эълон қилинди. Абитуриентларнинг деярли 50% ҳатто 2 баҳога тенг балларни тўплай олмаган
Олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар бугундан бошлаб то 10 августга қадар, 15 кун давомида олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлашлари лозим. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Буни my.uzbmb.uz платформасида амалга ошириш мумкин.
Хабарда қайд этилишича, абитуриент тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос бўлган бештагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини таълим шакли билан бирга танлайди. Бунда таълим йўналишларини бир олий таълим муассасаси ёки турли олий таълим муассасалари доирасида танлаш мумкин.
Абитуриентлар таълим йўналишларини танлаш муддати якунлангунга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин.
Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани тўғрисидаги якуний танлов натижалари таълим йўналишларини танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда эълон қилинади.
Шунингдек, 2024-2025 йил учун квоталар ҳам эълон қилинди. Унга кўра бакалавр кундузги 127 минг 995 та, сиртқи 52 минг 129 та, кечки 9 минг 158 та, масофавий шаклдаги таълим учун эса 5 минг 610 та ўрин ажратилган.
Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларида қатнашган 345 869 нафар абитуриент минимал 56,7 баллни ҳам тўплай олмагани маълум бўлганди. Бу жами абитуриентларнинг 46,9 фоизи ҳисобланади.