«Бу Ўзбекистон интеллектуал мулкнинг ҳимояси қанчалик аянчли ҳолатда эканини кўрсатади»
Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига 25 йил давомида таржима қилган тадқиқотчи Марк Риз ўзининг асари университетлар томонидан ноқонуний равишда тарқатилгани учун норозилик билдирди. Марк Риз Ўзбекистонга келганида ўқитувчилардан бирига ўз китобини совға қилган. Бу биттагина китоб минглаб электрон нусхаларда тарқатилган.
«Қизиғи шундаки, мен ва ҳамкасбим айнан шу таржимани Ўзбекистон бўйлаб сотишга қаратилган, 2–3 форматда — талабалар учун арзон нашрдан то люкс нашргача — тўлиқ дастур ишлаб чиқиш арафасида эдик. Ёшлар, инглиз тилини миллий адабиёт орқали ўрганмоқчи бўлганлар, сайёҳлар учун китобни сотишни режалаштирган эдик. Тақдир ҳазилини қаранг: биз нусхаларни университетларга ҳам сотишни режалаштирган эдик…
Лекин матнга оид интеллектуал мулк ўғирланганда, у қайта тикланмайди. Мен совға қилган имзоланган китоб — айни ўша университетда PDF’га айлантирилиб, тизимга юкланган. Тамом. Қолаверса, ушбу китоб менга 2020 йилда берилган “Дўстлик” мукофотини олиш учун борган сафарим чоғида совға қилинган эди. Ўзбекистон дўстлари шундай қадрланадими?
“Дўстлик” мукофоти менинг бутун умрим давомидаги меҳнатимни йўқ қилди ва Ўзбекистон таълим тизими ҳақидаги фикримни кескин ўзгартирди. Мен муаллимлик фаолиятимни Ўзбекистонда 1994 йилда бошлаганман — ва, аслида, кўп нарса ўзгармаган», дейди Риз.
Унинг фикрлари нафақат айрим таълим муассасаларининг муносабатини, балки Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш амалиётидаги тизимий муаммоларни ҳам кун тартибига чиқармоқда.
Риз маълумотига кўра, унинг таржимаси университетлар томонидан рақамлаштирилиб, UNILIBRARY орқали мамлакат бўйлаб тарқатилган, баъзи ҳолларда эса Телеграм каналларда юклаб олиш учун жойланган. Бу ҳолат таржиманинг тижорий сотуви, лицензиялаш ва нашр лойиҳаларини амалга ошириш имконини йўққа чиқаради — чунки “рақамлаштирилган китобни” бозорда сотиш имконсиз.
Ризнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳадан тушган даромаднинг 20–25 фоизи Қодирий авлодларига берилиши керак эди, демак, муаммо фақат таржимоннинг ҳуқуқлари эмас, балки меросхўрлар ва нашриётлар ҳуқуқи билан ҳам боғлиқ.
Риз таъкидлаган асосий танқидлардан бири — Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларда айбни алоҳида ходимларга юклаш амалиёти. Масалан, институтлар жаримадан қочиш мақсадида айбни “проректор”, “айбдор ходим” ёки “техник бўлим” зиммасига юклаши, ўзи эса жавобгарликдан четда қолиши мумкин.
«Интеллектуал мулк ижод иқтисодиёти учун асос.
Университетларда қонунбузарликлар хавфи инвесторлар учун салбий сигнал.
Мазкур ҳолат халқаро ҳамкорларга “Ўзбекистон бизнес учун хавфсизми?” деган саволни туғдиради.
Бу айниқса муҳим, чунки Ўзбекистон ҳозир IP ҳимоясига оид ислоҳотларни халқаро майдонда фаол тарғиб қилмоқда», деб ёзади муаллиф.
Риз Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк органи текширувни тезкор бошлаганини эътироф этди. Бироқ унга кўра, масаланинг ҳал қилиниши судларга ва институтлар жавобгарлигини қўллашга бориб тақалади.
Агар жавобгарлик фақат ходимларга юкланса — муаммо расман ёпилади, амалда эса сақланиб қолади.
Марк Риз воқеаси бир таржимоннинг норозилиги эмас — Ўзбекистонда академик ҳалоллик, ҳуқуқий институтлар ва интеллектуал мулк муҳофазаси қай даражада амал қилаётганини ҳам кўрсатади.




