Аҳоли айниқса Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги хизматлардан норози!
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар кескин кўпайгани, айрим ҳудудларда хизмат кўрсатиш даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани ҳақидаги даъволар юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига расмий сўров юборганини маълум қилди.
Қўмита ахборотига кўра, 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича қўмита ҳамда унинг ҳудудий органларига 1141 та мурожаат келиб тушган. 2026 йилнинг дастлабки ойларида эса ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилиб, мурожаатлар сони сезиларли даражада ошгани кузатилган.
Мурожаатларда асосан қуйидаги ҳолатлар кўтарилган:
– чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги;
– хизмат сифати пастлиги;
– шартнома шартларига амал қилинмаслиги;
– хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши;
– асоссиз қарздорлик сабаб айрим фуқароларнинг электр энергияси тўловларига вақтинчалик чекловлар қўйилгани кабилар кўрсатилган.
Қўмита ўрганишлари давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқлангани билдирилди. Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келган.
Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Агентликдан чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқиб кетишни таъминлаш, асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш ҳамда асоссиз қарздорлик сабаб электр энергияси тўловларига киритилган чекловларни қайта кўриб чиқиш чораларини кўришни сўраган.
Меъёрий ҳужжатларда тасдиқланган қоидаларга кўра, қаттиқ маиший чиқиндилар белгиланган минимал даврийлик асосида олиб чиқилиши шарт. Шунингдек, хизмат сифати паст кўрсатилганда ёки умуман кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчининг тўловдан озод қилиниши мумкинлиги қайд этилган.
Аввалроқ, республика бўйича маиший чиқинди хизмати учун қопланмай қолган 15,8 млрд сўм қарздорлик сабаб 198 858 та абонентнинг электр энергияси учун тўловига вақтинчалик чеклов ўрнатилгани маълум қилинганди.
Эслатма: Uzdiplomat аввалроқ Қашқадарё вилояти Қарши тумани Янги Батош маҳалласида чиқинди олиб кетиш хизмати ёмонлиги бўйича мурожаат, масъулларнинг кўзбўямачилиги ҳақида материал берган эди. Шундан сўнг твҳририятимизга бошқа маҳаллалардан ҳам чиқинди олиб чиқиб кетилмаётгани ҳақида ўнлаб мурожаатлар келиб тушди.




