“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича келишувга эришилган.
Марказ маълумотларига қараганда, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ нинг 100 фоиз давлат акциялари пакетини сотиш бўйича очиқ савдолар жараёни бошланган ва Мажбурий таклифларни (ВО) топшириш босқичида 6 нафар номзод иштирок этишга таклиф қилинган.
Ушбу босқичда Маълумотларни ошкор қилмаслик (NDA) ҳақидаги битимни имзолаган номзодларга Жамиятнинг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи – «Deloitte» (кейинги ўринларда-Маслаҳатчи) халқаро компанияси томонидан тайёрланган молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар (due diligence) билан танишиш, шунингдек, Жамиятнинг бошқарув органи билан учрашиш имкони берилди.
Шунингдек, номзодларга Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2024 йил 30 сентябрдаги эълонига мувофиқ, “Савдонинг асосий шартлари ҳақида” («Term sheet»)ги Битим тақдим этилган.
Белгиланган муддатда Маслаҳатчига Жамиятни сотиб олиш бўйича учта иштирокчидан Мажбурий таклифлар (ВО) келиб тушди ва 65 миллион АҚШ доллари миқдорида энг юқори харид баҳосини таклиф қилган “Paynet” АЖ ким ошди савдосининг ғолиби, деб топилган.
Хабарда қайд этилишича, харидорнинг таклифи Маслаҳатчи ҳисоблаган индикатив нархлар интервали чегарасида жойлашган ва «KPMG» халқаро мустақил нархловчи томонидан нарх қўйилган баҳодан юқори ҳисобланган.
«Харидор Жамиятга тегишли бўлган «Humo» тўлов тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг махфий (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олган.
Жамиятни хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланган», дейилади тарқатилган пресс-релизда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ (HUMO) акциядорлик жамиятига айлантирилгани хабар қилинганди.
2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ–381-сон қарорининг 1-бандига асосан 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши белгиланганди.
Маълумот учун: «Paynet» АЖ – Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида 18 йилдан буён фаолият юритаётган энг йирик тўлов операторларидан биридир. Тизим 1500 тадан ортиқ товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун тўлов имкониятини таъминлаб, ундан фойдаланувчиларнинг йиллик сони 20 миллиондан зиёд.




