Журналист Шарофиддин Тўлаганов ўзининг «Йил одами» ва энг яхши /ишлаган вилоят ҳокимлиги, намунали вазирлик, медиа лидери ва энг яхши ишлаган партия етакчиси ҳақидаги фикрларини Uzdiplomat’га маълум қилди.
2024 йилнинг энг намунали вазирлиги қайси?
Ташқи ишлар вазирлиги жуда самарали ишлади. Бунга кўпчилик эътибор бермади. Лекин мен очиқ юз билан айтаманки, Ташқи ишлар вазирлиги жуда аъло даражада ишлади. Нимага бундай деяпман чунки давлатимиз раҳбарини ёки бош вазирни ёки парламент раҳбарларини хорижга сафарларини ёки хорижий юқори мартабали делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини , албатта, Ташқи ишлар вазирлиги уюштиради. Буни биз билишимиз керак. Гўёки ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлади деймиз. 2024 йилда ҳам давлатимиз раҳбарининг хорижий сафарлари жуда самарали бўлди. Кўплаб юқори даражали раҳбарлар Ўзбекистонга келди. Кўплаб саммитлар, кўплаб халқаро анжуманлар нафақат Тошкентда, балки Самарқандда ўтди. Буни Ташқи ишлар вазирлигининг меҳнати сифатида кўриш керак деб ўйлайман.
Йилнинг энг намунали вилоят ҳокимлиги қайси?
Кўпчилик Самарқанд вилояти ҳокимини, Навоий вилоят ҳокимини ва Тошкент вилояти ҳокимини тилга олди. Бошқа ҳокимликлар улардан кам ишламади. Бу ерда матбуот хизматларининг ҳиссаси катта бўлди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевни мисол сифатида келтирган бўламан.
2024 йилнинг энг фаол партия лидери ким?
Бизда ҳақиқий том маънода партия борми ўзи? Бор 5 та партия бор. Лекин мен халқаро майдондаги жараёнларни кузатган журналист сифатида айтаманки, партиялар бундай ишламайди. Партиялар ўз ғоясини халққа, электоратига тушунтира олиши керак. Масалан, ўтган йили сайлов бўлиб ўтди. Партиялар сайловларда имкон қадар ишлашди. Мен энг зўр партия сифатида ёки партияни энг зўр раҳбари сифатида бирортасини айтмаган бўлардим. Чунки улар партия раҳбари сифатида ўзини намоён қилолмади. Хоҳлаган бир Африкадаги давлатлар ҳам партия раҳбарлари очиқдан-очиқ ҳокимият учун курашаётганини тушунади. Бизда эса партиялар кўп овоз олиш учун курашаётганини айтишади.
2024 йилнинг энг фаол медиа лидери ким?
Битта фожиамиз борки, газета ўқимай қўйдик, фақат ижтимоий тармоқларда кўп кўзга кўринган блогер бўладими, журналист бўладими, шу инсонни биз энг холис сифатида кўрамиз. Бу борада Шерзодхон Қудратхўжани айтаман. Тан олишимиз керак, Шерзодхон Қудратхўжа ижтимоий ҳаётдаги, сиёсий ҳаётдаги, иқтисодий ҳаётдаги, умуман жамиятимиздаги қандай масала биринчи ўринга чиқаётган бўлса, шу борасида фикр билдиришдан қўрқмайдиган инсон.
2024 йилнинг йил одами ким?
Матбуотда энг кўп ким кўринган бўлса, ушбу инсонни мен «Йил одами» деган бўлардим. Масалан, Комил Алламжоновни «Йил одами» дейман.




