Тошкентда «Young Women 4 Peace» ташаббуси доирасидаги тадбирлар 8–10 апрель кунлари бўлиб ўтди. Лойиҳа Марказий Осиё ва Афғонистондаги ёш аёлларни тинчликни таъминлаш ва низоларни ҳал этишда фаол иштирок этишга рағбатлантириш йўлида навбатдаги муҳим қадамдир.
Дастур ёшлар етакчилиги ва чегараларо ҳамкорлик орқали тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилди. ЕИ ва ЕХҲТ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон расмийлари иштирокида ўтган очилиш маросимида Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги гендер тенгликни таъминлашдаги саъй ҳаракатлари самара бераётгани алоҳида эътироф этилди.
«БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида биз тинчлик ва хавфсизлик масалаларида аёлларнинг манфаатларини олдинга суриш ва уларнинг овози эшитилиши, тинчлик қурилишида иштирок этиш ҳуқуқи таъминланиши учун сармоя киритмоқдамиз», деди ЕХҲТнинг Гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси доктор Лара Скарпитта.

«Барқарор тинчлик жамиятдаги барча овозларнинг фаол иштирокини талаб этади, жумладан ёш аёлларнинг ҳам. Узоқ вақт давомида уларнинг ноёб қараш ва имкониятлари етарлича эътиборга олинмади. Бу ўзгариши керак – ва бу каби ташаббуслар шу йўлдаги биринчи қадамдир.»
Маълумот учун, Young Women for Peace Initiative ташаббуси Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Бу ЕИ ва ЕХҲТ ўртасидаги гендер тенглиги соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорлик ва Марказий Осиёда минтақавий ёндашувларни илгари суришга қаратилган алоҳида эътибордан далолат беради.
«Ўтган ҳафта бўлиб ўтган илк ЕИ–Марказий Осиё саммитида минтақага кирувчи беш давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга содиқлигини билдирди. Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан иқтисодий интеграция, сув ва энергия, рақамлаштириш, транспорт, хомашё ва инсонлар ўртасидаги алоқалар каби соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Young Women for Peace Initiative ана шу ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир», деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.
«Европа Иттифоқи тарихи кўрсатадики, минтақавий интеграция тинчлик ва фаровонликка олиб келади. Шунингдек, тарихда аёлларнинг ҳал қилувчи роли борлиги ҳам ўз исботини топган».
Тошкентдаги тадбир доирасида аёлларнинг тинчлик қурилишидаги иштирокини инновацион ёндашувлар орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган, чегараларо лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга бағишланган интенсив тренинглар ҳам ташкил этилди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ўтказилди ва миллий идоралар томонидан қўллаб-қувватланди.
«ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳа координатори навбатдаги ойларда амалга ошириладиган кенг қамровли режани ишлаб чиққан. Бу режа 1325-сонли БМТ резолюциясининг Миллий ҳаракат режаси ижросини миллий ва минтақавий даражада қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизлик ва суд тизимида аёллар етакчилигини мустаҳкамлашга қаратилган», деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳа коордмнатори элчи Антти Карттунен.

«Биз янги нуқтадан ҳаракат бошладик – бу нуқтадан бошлаб Марказий Осиёдаги ёш аёллар мулоқот, тенглик ва ҳамжиҳатликка асосланган дунёни барпо этишда давом этади. Улар овози – бу минтақанинг келажаги,» деди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова.
Ёш аёллар ўз ҳамкорликда тайёрлаган лойиҳалар натижаларини 2025 йил сентябрида Венада тақдим этадилар. Ушбу тақдимот ёш аёллар етарлича платформа ва қўллаб-қувватлашга эга бўлганида, тинч ва хавфсиз дунё қуришда қандай улкан ҳисса қўша олишини намоён этади.
«Гендер тенглиги ва аёлларнинг самарали иштирокини таъминлаш – тинч ва барқарор жамиятлар қуришнинг асосий шартидир. Биз биламизки, аёллар тинчлик жараёнлари ва хавфсизлик соҳасида иштирок этганида, натижалар барқарорроқ бўлади. Гендер тенглиги ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш – бу фақат ҳуқуқ масаласи эмас, балки натижа масаласи ҳамдир,» деди ЕХҲТ Гендер масалалари бўйича махсус вакили Саара-София Сирен.




