Саммитда Россиянинг Украинага қилган урушига Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ёндашуви масаласи ҳам кўрилган
Самарқандда бўлиб ўтаётган илк Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари саммити олдидан инсон ҳуқуқлари масаласи кун тартибидаги асосий муаммолардан бирига айланди, деб ёзади The Guardian нашри. Европа Иттифоқидан ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан айримлари ЕИни минтақадаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан қаттиқроқ позиция эгаллашга чақирмоқда.
Жума куни Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи раҳбарлари — Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон етакчилари билан тарихий саммитни бошлади.
ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар Россиянинг 2022 йилда Украинага тўлиқ ҳужумидан сўнг янги босқичга кўтарилди. Иккала томон транспорт боғланишларини яхшилашга келишиб олди. Транс-Каспий транспорт коридори лойиҳаси орқали Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ер орқали юк ташиш муддати ярмига қисқартирилиши режалаштирилмоқда — 15 кундан ошмаслиги керак. Брюссель шунингдек, минтақада мавжуд муҳим стратегик хомашё бўйича ҳамкорлик ҳужжати қабул қилинишига умид қилмоқда.
Юқори лавозимли ЕИ расмийси буни “туб бурилишга олиб келувчи саммит” деб атади ва Марказий Осиё давлатларида Европа билан муносабатларни чуқурлаштиришга ва ташқи сиёсатни диверсификация қилишга эҳтиёж борлигини таъкидлади.
Саммит олдидан марказий муаммолардан бири — саммит якунида қабул қилиниши кутилаётган декларацияда Россиянинг Украинага қарши урушини қандай аташ масаласи бўлди. Қозоғистон — Россиянинг собиқ яқин иттифоқчиси — Украинага инсонпарварлик ёрдами юборган, Зеленский билан дипломатик алоқаларни сақлаётган ва Россиянинг ҳарбий пропаганда рамзларини тақиқлаган. Бироқ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон яқиндаги БМТ Бош Ассамблеясида Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этишга чақирувчи резолюцияда бетараф қолди.
Европа Парламенти эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Россияга Ғарб санкцияларини чеклашга имкон берадиган эҳтимолий марказлар сифатида баҳолаган.
Бу геосиёсий ўзгаришлар ва стратегик ресурслар учун кураш фонида инсон ҳуқуқлари масаласини ёддан чиқармаслик керак, деб ҳисоблайди ҳуқуқ фаоллари.
Human Rights Watch ташкилоти вакили Искра Кирова шундай деди:
“Янги шерикликлар муҳим, аммо агар ЕИ минтақада қонун устуворлиги ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишга эътибор бермаса, бу шерикликлар барқарор ва самарали бўлмайди.”
Унинг сўзларига кўра, ЕИ ўз таъсирини ишончли ва самарали тарзда қўллаётгани йўқ. У айниқса 2024 йил июнь ойида Европа Иттифоқининг Қирғизистон билан кенг қамровли савдо ва ҳамкорлик келишувини имзолаганини танқид қилди. Шу пайтда Бишкек “хорижий агентлар тўғрисидаги” Россия услубидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун хориждан молияланаётган ННТлар учун махсус белгини жорий этади ва фуқаролик жамияти фаолларига “салбий таъсир” кўрсатмоқда, деди Кирова.
“ЕИ бу каби кенг имтиёзлар ва икки томонлама битимлар бераётганда, аввал конкрет натижалар талаб этиши керак”, — деди у, преференциал савдо битимларини ҳам назарда тутган ҳолда.




