Uzdiplomat мухбири Ўзбекистон Қуролли кучларига оид энг муҳим фактларни жамлади.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари 1992 йил 14 январда ташкил этилган бўлиб, бу сана мамлакатимизда ҳар йили Қуролли Кучлар куни сифатида нишонланади.
Армиянинг таркиби ва техник имкониятлари:
Танклар: 270 та умумий, шундан 162 та жангга тайёр.
– Зирҳли транспорт воситалари: 5,526 та умумий, шундан 3,316 та жангга тайёр.
Ўзиюрар артиллерия: 83 та умумий, шундан 50 та тайёр.
Ёппасига ўт очиш тизимлари (MLRS): 143 та умумий, шундан 86 та жангга тайёр.
2024 йил июлида Ўзбекистонда НАТО стандартларига жавоб берадиган илк миллий зирҳли транспорт воситаси — “Арслон” ишлаб чиқарилгани эълон қилинди. Бу машина қуйидаги хусусиятларга эга:
8 ғилдиракли конструкция.
30 мм автоматик зенит пушкаси ва 7,62 мм пулемёт билан жиҳозланган.
6 ва 4 даражали ҳимоя (зирҳ), минага чидамлилик.
11 кишигача шахсий таркибни ташиш имконияти.
“Арслон” лойиҳаси Krantas Group томонидан амалга оширилган бўлиб, унинг учун Тошкент вилоятида 55 миллион долларлик махсус корхона қурилган.
Модернизация қилинган “Тарлон-М” транспорт воситалари ҳам армияга киритилди. 
Ҳаво кучлари: Ўзбекистон ҳаво мудофааси қўшинлари ва ҳаво кучлари таркибида МиГ-29 қирувчи самолётлари, Су-25 ҳужумкор самолётлари, Ил-76 ва Airbus C-295W ҳарбий транспорт самолётлари, шунингдек, Airbus H-125, Airbus H-215, Ми-24 ва Ми-35 вертолётлари мавжуд. Яқинда армия таркибига Туркиянинг «Байрактар» ҳарбий дронлари ҳам киритилган.
Қуролли техника: Армия ихтиёрида 420 та танк, 1 200 дан ортиқ зирҳли машиналар, 197 та ўзиюрар артиллерия мосламаси ва 143 та ёппасига ўқ узиш тизимлари мавжуд.
Ҳарбий хизматчилар сони
Ўзбекистон Қуролли Кучларида 65 000 нафар ҳарбий хизматчи фаолият юритади, шундан 55 000 нафари фаол аскарлар, 10 000 нафари эса ҳарбийлаштирилган тузилмаларда хизмат қилади.
Халқаро рейтинглардаги ўрни:
Global Firepower Index маълумотларига кўра, Ўзбекистон армияси 145 та давлат орасида 62-ўринни эгаллаган. Марказий Осиёда энг кучли армия Қозоғистонда. 2021 йилда Ўзбекистон биринчи эди.
Харбий бюджет
Рейтингдаги маълумотлар кўра, Ўзбекистоннинг 2024 йилги Мудофаа бюджети қарийб 10 триллион сўмни (қарийб 796 миллион АҚШ доллари) ташкил қилган. Бу борада Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари орасида 95-ўринни эгаллаган.
Қуролли кучлар учун профессионал кадрлар тайёрлаш
2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қуролли Кучлар Академияси янгидан ташкил этилди. Академия замонавий ўқув аудиториялари, тренажёрлар ва лабораториялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳарбий кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Миллий гвардия
2017 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилди. 2020 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги Қонун имзоланиб, унинг фаолияти мустаҳкамланди. Миллий гвардия қисқа вақт ичида Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орасида муҳим бўғинга айланди.
Халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон армияси халқаро миқёсдаги турли ҳарбий машғулотлар ва мусобақаларда фаол иштирок этмоқда. Масалан, 2024 йилда Буюк Британияда ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида Ўзбекистон Қуролли Кучлари жамоаси кумуш медални қўлга киритди.




