Талабалар 35-38 миллион атрофида контракт пули тўлаган.
«Digital university» масъулияти чекланган жамият лицензияси бекор қилинди. Бу бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 10 октябрдаги ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, бунга МЧЖнинг лицензия талаб ва шартларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.
Uzdiplomat.uz мухбири вазирлик ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузовага боғланиб, тугатилган университет талабалари тақдири билан қизиқди. Таълим муассасаси сайтидаги маълумотга қараганда талабалар 2023-2024 ўқув йили учун 35-38 миллион атрофида контракт пули тўлашган.

Абдуқундузованинг қайд этишича, шу кунга қадар тугатилган хусусий олий таълим муассасаларининг талабалари ўқишини бошқа хусусий университетларга кўчирилиши тўлиқ таъминланган.
- Ҳозирда «Digital university» МЧЖ билан боғлиқ жараён тўлиқ якунига етгани йўқ. Улар апелляцияга бериш ҳуқуқига эгалар. Тўлиқ тугатилган таълим муассасалари талабалари шу кунгача кўчада қолмаган. Улар бошқа университетларда ўқишни давом эттиришмоқда. Бу университет талабалари ҳам тегишли йўналишлар бўйича ўқишларини кўчириш имконига эга бўладилар, деди вазирлик матбуот котиби.
Маълумот учун, «Digital university» МЧЖга 2022 йил 13 сентябрда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун 038673-сонли лицензия берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳозиргача 6 та хусусий университетнинг лицензияси бекор қилинган. Булар:
•Valley innovative university;
•Туркистон янги инновациялар университети;
•Тошкент технологиялар университети;
•Наманган халқаро университети;
•Урганч шаҳридаги Binary халқаро университети;
- Renaissance university.




