Паҳлавон Содиқ: «Ўша пайтда хулоса қилинганида, давлатнинг миллиардлаб маблағи тежалган бўларди»
Озодлик радиосининг собиқ бош муҳаррири Паҳлавон Содиқ уч йил аввал Ўзбекистон газ соҳаси, ERIELL Group ва Enter Engineering фаолияти юзасидан эълон қилинган йирик суриштирувни эслади. Унинг айтишича, суриштирув эълон қилинишидан олдин унинг асосий хулосалари ҳукумат вакилларига етказилган ва тегишли идораларга саволлар юборилган.
2023 йил февралида Озодлик «Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар» номли суриштирувини эълон қилган эди. Унда ERIELL Group, Enter Engineering, Бахтиёр Фозилов, йирик нефть-газ лойиҳалари, миллиардлаб долларлик инвестициялар ва давлат кафолати остидаги лойиҳалар ҳақида сўз борганди.
Паҳлавон Содиқнинг айтишича, таҳририят материални эълон қилишдан тахминан ўн кун олдин суриштирув хулосалари юзасидан расмийларга мурожаат қилган.
«Суриштирувларнинг хулосалари 10 кун олдин ҳукуматга тақдим қилинган ўша пайт. Бу материаллар чиқишини Энергетика вазирлиги билади, бошқа расмийлар билади, ҳаммасига мурожаат қилинган, хулосалар бўйича саволлар йўлланган, лекин ҳамма оғзига толқон солиб олган — жимжит».
Унинг фикрича, Озодлик суриштирувларида кўтарилган масалаларга ўша пайтнинг ўзида жиддий муносабат билдирилганида, давлат катта молиявий йўқотишларнинг олдини олиши мумкин эди.
«Ўз вақтида хулоса қилинганида, масалан, энергетика соҳасидаги миллиардлаб инвестициялар олиб кирилгани, давлат кафолати билан, буларга қарамасдан ишлаб чиқариш муттасил камайиб боргани, газ, нефть, талон-тарожлар ҳақидаги хулосалар ўз вақтида инобатга олинганида… эҳтимол, давлатнинг миллиардлаб маблағлари тежалган бўлар эди».
«Вақт қайси тараф ҳақ бўлганини кўрсатди»
Паҳлавон Содиқ суриштирувда келтирилган маълумотларнинг катта қисми очиқ манбаларга таянганини таъкидлайди. Унинг айтишича, ўша вақтда материаллар «туҳмат», «бир томонлама» деб баҳоланган ва журналистларга нисбатан кескин муносабат бўлган.
«Қайси биттаси тасдиқланмади бу маълумотларнинг? Ўша пайт “туҳмат”, “бир томонлама”, “булар душман” деган гаплар гапирилди. Лекин алал-оқибат ҳаммаси тасдиқланди-ку? Буларнинг ҳаммаси фактлар эди ва 90 фоизи очиқ манбалардан олинган фактлар эди. Вақт кўрсатди-ку шу нарсани. Яъни қайси тараф ҳақ бўлгани очиқланди».
Содиқ бугунги тергов жараёнларини уч йил аввалги суриштирув билан боғлаб баҳоламоқда. У ERIELL ва Enter Engineering билан боғлиқ шахслар ҳамда активларга нисбатан кўрилаётган чораларни мисол қилиб келтирди.
Шу билан бирга, унинг «беш-олти миллиардлаб маблағлар ўзлаштирилган» деган гапи ўзи эшитган маълумотларга асосланганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу рақамлар бўйича расмий тергов органларининг якуний хулосаси ёки суд ҳукми мавжудлиги алоҳида текширилиши керак.
Жўрабек Мирзамаҳмудов суриштирувга қандай жавоб берган эди?
Паҳлавон Содиқ ўша даврдаги энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг Озодлик суриштирувидан кейинги муносабатини ҳам эслади.
Унинг айтишича, Мирзамаҳмудов журналистлар иштирокидаги матбуот анжуманида турли схемалар орқали энергетика лойиҳаларини тушунтириш ва суриштирувдаги даъволарга жавоб беришга уринган.
«Жўрабек Мирзамаҳмудов, эсингизда бўлса, пресс-конференция чақириб, журналистларнинг олдида қандайдир схемаларни чизиб, ўзини оқлашга уринди. Лекин рад қилишга уринган сайин вазият яна мураккаблашиб, яна кўпроқ нарса фош бўлди».
Паҳлавон Содиқнинг фикрича, уч йил аввал журналистлар кўтарган масалаларга тергов ва текширув органлари фақат кейинчалик жиддий эътибор қарата бошлаган.
«Алал-оқибат тергов идоралари, Ўзбекистон прокуратурасининг ўзи, текширув идоралари уч йил ўтиб бунга эътибор қаратди. Ҳозир ўша пайтдаги суриштирув қаҳрамонларининг деярли ҳаммаси қамоқда ўтирибди».
Мирзамаҳмудов бўйича эса ҳамон расмий аниқлик йўқ
2026 йил июль охирида энергетика вазири лавозимидан озод этилган Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳибсга олингани ҳақида Озодлик ва айрим хорижий нашрларда хабарлар тарқалди. Хабарларда у мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва маблағларни ўзлаштириш билан боғлиқ гумонлар доирасида ҳибсга олингани айтилган.
Бироқ ҳозирга қадар Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Мирзамаҳмудов ҳибсга олинганини расман тасдиқлагани йўқ. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ёки қандай айблов қўйилгани ҳақида ҳам расмий маълумот очиқланмаган. Шу билан бирга, унинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар расман рад этилгани ҳам йўқ.




