Россиянинг «Транспорт будущего» компанияси 2025 йил охиригача Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания бош директори Юрий Козаренко «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида маълум қилди.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида дронлар соҳасидаги ҳамкорлик бир нечта йўналишларни қамраб олмоқда. Юрий Козаренконинг сўзларига кўра, мамлакатда дрон ишлаб чиқариш ва локализация қилиш, уларни қишлоқ хўжалиги ҳамда юк ташиш соҳаларида қўллаш бўйича катта иқтисодий салоҳият мавжуд.
«Биз республика аҳолиси сони, 4,5 миллион гектардан ортиқ қайта ишланадиган ер майдонлари, чегаралар узунлиги ва юк ташиш эҳтиёжларини таҳлил қилдик. Агентликлар билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида, бугуннинг ўзида бозорга ўн минглаб дронларни интеграция қилиш орқали юқори даромад олиш имкони борлигини аниқладик», – деди у.
Лойиҳа биринчи босқичда 100 миллион долларлик дрон ишлаб чиқариш ҳажмини назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрелида Тошкентдаги «Иннопром» кўргазмасида Козаренко Ўзбекистонда дрон заводлари қуришга тайёр эканини илк бор эълон қилган эди. 2024 йил сентябрида эса у «Коммерсантъ» нашрига берган интервьюсида «Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш» ва «дронларни экспорт қилиш ҳамда сервис марказларини яратиш» бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Ўзбекистонда дронлар фойдаланиш тизими ҳам босқичма-босқич такомиллашмоқда. 2025 йил бошида «Ўзаэронавигация» маркази дрон парвозларини режалаштириш учун ATM: Safe Sky тизимини ишлаб чиқди. Яқин келажакда УУА (учувчисиз учиш аппарати) парвози учун рухсатномани мобиль иловалар орқали олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш қандай тартибга солинган?
Ўзбекистонда 2015 йилдан буён дронларни олиб кириш тақиқланган. Илгари бундай қонунбузарлик учун 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган эди. 2024 йил ёзида қабул қилинган янгиланаётган қонунга кўра, биринчи марта қоидабузарлик учун 20 БҲМ (тақрибан 7,5 миллион сўм) миқдорида жарима ва ускунани мусодара қилиш жазоси жорий этилди.
Юридик шахслар махсус рухсатнома асосида дронларни олиб кириш ва ишлатиш ҳуқуқига эга. Бугунги кунда асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмоқда. Хусусан, 2022 йил ноябрида Туризм вазирлиги ва «Чорвоқ» дирекцияси ҳам дрон олиб кириш ҳуқуқига эга бўлган.
2024 йил июнида Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги дронлар соҳасини тартибга солувчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилган эди. Ваколатхона таъкидлашича, қаттиқ чекловлар соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.




