Марказий Осиё давлатлари ўз мустақил миллий ҳурриятини қайта шакллантираётган бир пайтда, Қирғизистон СССРнинг энг марказий рамзларидан бири — Владимир Ленин ҳайкалини эҳтиётлик билан демонтаж қилди. Бу нафақат шаҳар меъморчилигига дахлдор қарор, балки тарихий хотира ва ташқи сиёсатга ҳам ишора.
Ўшдаги энг баланд Ленин ҳайкали 50 йилдан сўнг демонтаж қилинди
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган, Марказий Осиёдаги энг баланд Ленин ҳайкали — 23 метрли монумент жимгина олиб ташланди. Совет Иттифоқи даврида қад ростлаган бу ҳайкал шаҳар манзарасининг ажралмас қисми бўлиб келган эди.
2025 йил июнь ойи бошида пайдо бўлган фотосуратларда Ленин ҳайкали ерга ётқизилган ҳолда, кран ёрдамида пастга туширилгани акс этган. Ҳокимият томонидан бу ҳаракат “меъморий ва эстетик яхшилаш ишлари” доирасидаги одатий амалиёт сифатида изоҳланди.
Шунингдек, маҳаллий расмийлар Бишкекидаги Ленин ҳайкали ҳам олдинроқ шунга ўхшаш ҳолда флагшток билан алмаштирилганини эслаб ўтишди.
Сиёсий рамзлар ва ташқи сиёсат ўртасидаги мувозанат
Расмий баёнотлар сиёсий мақсадни инкор қилса-да, бу қарор Россия билан ҳозирги муносабатлар контекстида долзарб. Чунки айнан ўтган ҳафта Москвада Иосиф Сталин ҳайкали очилди, ва бу фонда Қирғизистонда Ленин ҳайкалининг олиб ташланиши тасаввур учун кенг майдон очади.
Қирғизистон мустақилликка эришганига 34 йил бўлган бўлса-да, мамлакат ҳануз Россия билан яқин иқтисодий ва сиёсий алоқаларни сақлаб келмоқда. Бироқ сўнгги йилларда Бишкек ҳам туркий мерос ва миллий тарихни тиклаш сари ҳаракат қилмоқда.
Совет мероси излари ҳали ҳам қолмоқда
Ҳайкалнинг олиб ташланишига қарамай, Қирғизистонда совет излари ҳануз сақланиб қолган. Масалан, мамлакатдаги иккинчи баланд тоғ — Ленин чўққиси деб номланган. Бундан ташқари, кўплаб кўчалар, давлат муассасалари ва бинолар ҳали ҳам советча услубни сақлаб қолган.
Ҳатто Россиянинг ўзида ҳам баъзи шаҳарлар Ленин ҳайкалларини олиб ташлагани Қирғиз расмийлари томонидан қайд этилди — бу ҳаракатни ҳеч қандай геосиёсий мазмунсиз, оддий урбанистика деб кўрсатишга уриниш сифатида баҳоланади.
Революция рамзи ўрнини байроқ эгаллади
Қирғизистонда Ленин ҳайкалининг марказий майдондан олиб ташланиши — меъморий ўзгариш эмас, балки хотира сиёсатидаги янги босқич. Совет даври тимсоллари секин-асталик билан давлат ҳотирасидаги иккинчи планга ўтмоқда.
Ҳайкал бошқа жойга кўчирилиши мумкин, лекин унинг марказий жойдан йўқолиши Қирғизистон қайси томонга қараб ҳаракатланаётганини яққол кўрсатиб турибди.




