Cўнгги 5 йилда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 1,8 баробарга ошди
Миллий статистика қўмитасининг бугун эълон қилган маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 1 октябри ҳолатига Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида жами 17 188 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 4 134 таси қўшма, 13 054 таси хорижий корхоналардир.
Бу кўрсаткич 5 йил олдинги (2019 йилдаги тахминан 9,5 минг атрофидаги) даражадан 1,8 баробарга юқори. Яъни, кейинги беш йилда мамлакатда қарийб 7,5 минг та янги хорижий капитал иштирокидаги компания очилган.
2025 йил январда бундай корхоналар сони 14 871 та эди, ҳозир эса 17 188 та га етган. Бу дегани — тўққиз ойда 2 300 тадан ортиқ янги компания иш бошлаган.
Энг фаол давлатлар қаторида Хитой етакчилик қилмоқда.
ТОП-10 давлат бўйича ҳолат (2025 йил 1 октябри):
Хитой – 4 570 та
Россия – 3 150 та
Туркия – 2 048 та
Қозоғистон – 1 165 та
Жанубий Корея – 681 та
Афғонистон – 616 та
БАА – 377 та
Тожикистон – 364 та
Ҳиндистон – 343 та
Қирғиз Республикаси – 339 та.
Хитойнинг қизиқиши ортдими ё имконияти?
Хитой иштирокидаги компаниялар сони йил бошида 3 357 та эди, ҳозир эса 4 570 та га етди. Яъни, ўтган тўққиз ойда 1 200 тадан ортиқ янги хитойлик инвесторлар ташаббуси билан корхона очилган.
Россия — иккинчи ўринда: жорий йил бошидан буён 213 та янги рус инвестицияли компания пайдо бўлган (2 937 тадан 3 150 та гача ўсиш). Туркия эса 222 та янги субъект қўшиб, умумий сонини 2 048 та га етказган. Қозоғистон корхоналари сони 124 та га ошган (1 041 → 1 165). АҚШ иштирокидаги компаниялар 304 тадан бироз кўпроққа ўсган, бироқ умумий улуши ҳали ҳам 5 фоиздан кам.
Йил бошидан буён 9 ойда чет эл иштирокидаги корхоналар сони 15 фоиздан ортиққа ошган.
Шунингдек, янги очилган корхоналарнинг қарийб ярми Хитой ва Россия инвесторларига тўғри келмоқда. Бу Ўзбекистон иқтисоди учун энг фаол капитал фойдали манбаларининг Хитой ва Евроосиё йўналишида давом этаётганини кўрсатади.




