Халқ банки кўмагида ўз бизнесини йўлга қўйган, кичик цехдан катта корхона яратиб, бугун 20 дан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминлаб, маҳаллий ва хорижий бозорга маҳсулот экспорт қилаётган тадбиркор ҳикояси.
Пандемия йилларида ишсиз қолган дизайнер Гулруҳ Абдужабборова учун қийинчилик йиллари янги ҳаётнинг бошланиши бўлди…
“Ўзим 16 йиллик тажрибага эга дизайнерман. Пандемия даврида ҳамма каби ишсиз қолдим. Ўзимнинг бизнес режаларимни тузиб юрардим, лекин маблағим йўқ эди. Шу пайтда президентнинг аёлларни иш билан таъминлаш учун имкониятлар бериш масаласидаги фармони эълон қилинди. Дарров мурожаат қилдим ва туман ҳокимияти мени “аёллар дафтари”га киритди ва Халқ банки томонидан маблағ ажратилди.
Бошида битта шогирдим ва ўзим 3 та тикув машинасида иш бошладик. Аста-секин ўз брендимизни йўлга қўйдик ва шогирдларим сони кўпайиб кетди” дейди тадбиркор Гулруҳ Абдужабборова.
Шундай бошланган йўл бугун ўз брендига эга корхонага айланди.
Маҳаллий маҳсулотдан халқаро экспортгача
Бугун Гулруҳ Абдужабборова асос солган IMDI BABU бренди болалар учун экологик тоза ва индивидуал ёндашув асосида ишлаб чиқиладиган ёстиқ, кўрпа ва ётоқ тўпламлари тайёрлайди. Корхонада 20 дан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланган — улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, уйда касаначилик билан ишлайдиган аёллар ҳам бор.
“Бу ишчилар орасида маҳалламиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ўзини ўзи банд қилган, ногиронлиги бўлган, уйда ўтириб касаначилик билан шуғулланадиган аёллар, талаба қизлар бор», дейди тадбиркор.
«Ҳар бир ишнинг ўз қийинчилиги бор. Масалан, жой муаммоси. Энди битта жойни олиб иш бошласак, бўшатишга тўғри келган ҳолатлар бўлди. Судлашган вазиятларимиз бўлди», деб эслайди у.
Бугун Гулруҳ ва жамоаси маҳсулотларини Америка, Ҳиндистон, Россия, Франция, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилишни бошлаган.
“Биз ҳар бир буюмни меҳр билан, болалар учун алоҳида ёндашув билан тикамиз. Бу бизнинг ютуғимиз”, — дейди у.
«Маҳсулотларимиз декоратив ёстиқлар, ортопедик ёстиқлар, кўрпаларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашув асосида ишлаб чиқарилади. Болалар учун ётоқ тўпламини тақдим этамиз. Керак бўлса кун-у тун ишлашга тўғри келади. Агар шуларга тайёр бўлсангиз ва касбни чин дилдан севсангиз, маррага эришасиз!» дейди тадбиркор.
Учта тикув машинаси билан бошланган орзу бугун экспорт қилувчи брендга айланди. Гулруҳ Абдужабборованинг йўли — ҳар бир аёл учун илҳом манбаи: сабр, меҳнат ва ишонч бўлса, муваффақият ҳам узоқ эмас.
Реклама ҳуқуқи асосида




