Сангинов 50 кунда Ўзбекистоннинг энг бой тармоқларидан бўлган нефт-газ тармоғида нима ўзгартириш қила олди?
Ўтган йилнинг 17 декабрь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖга раҳбар этиб тайинланган Абдуғани Сангиновга тизимни ўзгартириш вазифаси қўйилган эди. Бу давр орасида у 3 мартта Президентга ҳисобот берди. Бугун ўтган брифингда “Ўзбекнефтгаз” ахборот хизмати «Долзарб 100 кунлик» дастурининг 50 кунлик натижалари юзасидан маълумотларни эълон қилди.
Қайд этилишича, сарф-харажатларни қисқартириш ҳисобига дастлабки икки ойда қўшимча 1,1 трлн сўм самарага эришилган. Шунингдек, дебитор қарздорликларни ундириш ва ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар натижасида товар-моддий ресурслар ҳамда хизматлар нархини пасайтириш орқали 766 млрд сўм иқтисод қилинган. Ушбу кўрсаткич йил якунига қадар 2,5 трлн сўмга етиши кутилмоқда.
Геология-қидирув ишлари бўйича эса 3D сейсмика натижаларига таяниб янги истиқболли майдонларни аниқлаш ва излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ишлари олиб борилган. Жамият республикадаги кон ва майдонларнинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш мақсадида 6500 кв. км ҳажмда 3D сейсмик қидирув ишларини ўтказишни режалаштирган. Бу ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп экани айтилмоқда.
Брифингда маълум қилинишига кўра, бу йил компания тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари режалаштирилган: жами 103 та қудуқ, шу жумладан, 58 та излов-қидирув ва 45 та ишлатиш қудуғи. Геология-қидирув фаолиятини жадаллаштириш мақсадида 20 та инвестиция блоки учун рухсатномалар олинган.
Инфратузилма ва техника базасини янгилаш доирасида 12 та бурғилаш дастгоҳи, 2 та 3D сейсмик мажмуа ҳамда 100 дан ортиқ каротаж асбобини харид қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилгани билдирилди.
Иқтисодий чоралар қаторида соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали сақлаш харажатлари дастлабки икки ойда 3 млрд сўмга қисқартирилган, йил охиригача қўшимча 33 млрд сўм иқтисод қилиш режалаштирилган. Қурилиш ва бурғилаш лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобига йил бошидан 154 млрд сўм тежалгани, йил якунида бу кўрсаткич 1,7 трлн сўмга етиши прогноз қилинаётгани айтилди.
Кадрлар сиёсати бўйича марказий аппаратда функцияларни қайта тақсимлаш орқали ходимлар сони 875 нафардан 610 нафарга (29%) қисқартирилган. Қўриқлаш хизматини рақамлаштириш ва лабораториялар ишини янгича ташкил этиш натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Ижтимоий лойиҳалар доирасида ходимлар маошини ошириш, иссиқ овқат ва мавсумий оёқ кийим билан таъминлаш, эски автобуслар ўрнига замонавий автобуслар харид қилиш, шунингдек 200 ўринли ётоқхона, 160 ўринли ошхона ва конференц-зал қурилиши учун 280 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ишчилар шаҳарчаларидаги маиший объектларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига ҳам маблағ йўналтирилиши маълум қилинган.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича жорий йилнинг ўтган даврида:
тозаланган табиий газ — 2,276 млрд м³ (109,4%),
газ конденсати — 78,2 минг тонна (109,1%),
суюлтирилган газ — 85,7 минг тонна (108,2%),
олтингугурт — 28 минг тонна (124%),
полиэтилен — 21 минг тонна (104,2%) ишлаб чиқарилган.
Ижтимоий эҳтиёжлар учун аҳоли ва хусусий тадбиркорларга 88,8 минг тонна (111,6%) суюлтирилган газ етказиб берилган.
«Uzbekistan GTL» МЧЖ бўйича эса синтетик нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариши барқарор сақланаётгани айтилди. Маълумотга кўра, тизимли чоралар натижасида ўтган йилга нисбатан 33 минг тонна кўп синтетик нефть маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 318%ни ташкил этган.




