Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратидаги йирик меҳмонхона ва кўргазма бизнеслари АҚШда рўйхатдан ўтган компания таркибига ўтказилди. Рақобат қўмитаси битимга розилик берган. Бироқ бу активлар хорижий инвесторларга сотилганини англатмайди — компаниянинг асосий эгалари ҳамон Ортиқхўжаевлар оиласи бўлиб қолмоқда. АҚШдаги ҳужжатлардан маълум бўлишича, бирлашув учун белгиланган 18 миллион долларлик молиялаштириш шарти ҳам бекор қилинган.
Рақобат қўмитаси АҚШнинг StageWise Strategies Corp. компанияси томонидан Ўзбекистондаги TEG SPV МЧЖ улушларини сотиб олиш бўйича иқтисодий концентрация битимига розилик берилганини маълум қилди.
Мазкур холдинг таркибига Тошкентдаги Hilton Tashkent City, Бухородаги Wyndham Bukhara меҳмонхоналари ҳамда CAEx (Central Asian Expo) халқаро кўргазмалар маркази билан боғлиқ корхоналар киради.
Қўмита маълумотида StageWise Strategies Corp. аввал веб-сайтларни қидирув тизимларида илгари суриш ва ахборот хизматлари кўрсатиш билан шуғуллангани, TEG SPV эса Ўзбекистонда бир қатор корхоналарга эгалик қилувчи холдинг экани қайд этилган.
Бироқ АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) ҳужжатлари бу битимнинг муҳим жиҳатини очиб беради.
Ўзбекистондаги бизнеслар мустақил хорижий харидорга сотилмаган. Аслида, Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратидаги активлар унинг оиласи назорат қиладиган Америка компанияси таркибига бирлаштирилган.
SEC ҳужжатларига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2026 йил 5 июнда StageWise Strategies Corp. компаниясининг 3 миллион дона акциясини 750 минг долларга сотиб олган.
30 июнда у яна 250 минг доллар инвестиция киритиб, қўшимча 1 миллион дона акция олган. Шу тариқа, унинг қўлидаги акциялар сони 4 миллионтага етган.
17 июлда эса ушбу акцияларнинг 3 миллион донаси Tourism and Entertainment Group LLC компаниясига ўтказилган.
Шундан сўнг Ўзбекистондаги TEG SPV холдинги билан бирлашиш жараёни бошланган.
6 октябрда акциялар алмашинуви бўйича шартнома имзоланган, 13 октябрда битим якунланган. 14 октябрда эса улушларнинг янги эгаси Ўзбекистоннинг юридик шахслар давлат реестрида расмийлаштирилган.
Битим доирасида StageWise Strategies Corp. TEG SPV’нинг деярли 100 фоиз улуши эвазига 183 миллиондан ортиқ янги акция чиқарган.
Яъни Ўзбекистондаги бизнесларнинг аввалги эгалари ўз улушлари эвазига Америка компаниясининг акцияларини олган. Битим пул тўлаш орқали амалга оширилмаган.
Бирлашувдан кейин StageWise Strategies Corp. номи TEG Overseas, Inc. деб ўзгартирилган.
Янги корпоратив тузилмада TEG Overseas акцияларининг 68,30 фоизи Tourism and Entertainment Group LLC, 31,14 фоизи эса Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизи Иродахон Абдувахитова ҳиссасига тўғри келган.
SEC ҳужжатларида Жаҳонгир Ортиқхўжаев TEG бизнесининг якуний бенефициар мулкдори сифатида кўрсатилган.
Шу тариқа, АҚШдаги компания акцияларининг 99,44 фоизи Ортиқхўжаевлар оиласи назоратида жамланган.
Бу битим орқали бизнеслар устидан якуний назорат ўзгармаган, асосан уларнинг корпоратив тузилмаси қайта ташкил этилган.
18 миллион долларлик инвестиция шарти бекор қилинган
Бирлашув бўйича дастлабки келишувда StageWise Strategies Corp. битим якунланиши билан бир вақтда камида 18 миллион доллар қўшимча маблағ жалб қилиши шартлиги белгиланган эди.
Бироқ SEC’нинг 14 октябрдаги ҳисоботида томонлар 13 октябрь куни ушбу шартдан ёзма равишда воз кечгани маълум қилинган.
Демак, компания Ўзбекистондаги йирик активларни ўз таркибига қўшиб олиш учун аввал назарда тутилган 18 миллион долларлик молиялаштириш талабини бажариши шарт бўлмаган.
Uzdiplomat.uz аввалроқ 100 миллион долларлик кафолатни аниқлаган эди
Uzdiplomat.uz 15 октябрда «Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бизнеси АҚШ бозорига чиқди» номли таҳлилий мақола эълон қилиб, SEC’га тақдим этилган молиявий ҳисоботлардаги бир қатор муҳим маълумотларни очиб берган эди.
Жумладан, 2025 йил март ойида TEG билан боғлиқ тузилма Қозоғистоннинг Halyk Bank банки билан тузилган 100 миллион долларлик кредит шартномаси бўйича кафил бўлган.
Қарз олувчи корхона TEG гуруҳи таркибига кирмаган. Бироқ ҳар икки бизнес бир якуний бенефициар мулкдор назоратида экани кўрсатилган.
Кафолат 2031 йил 31 декабргача амал қилади. Унга кўра, қарз олувчи ўз мажбуриятини бажармаса, банк қарзни кафиллардан ҳам талаб қилиши мумкин.
Эътиборлиси, TEG ушбу кафолат учун ҳақ олмаган. Шунингдек, кафолат бўйича тўлов қилишга мажбур бўлган тақдирда, қарз олувчидан маблағни қайтариб олиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.
Бу TEG’нинг ўзи 100 миллион доллар қарз олганини англатмайди. Бироқ компания бошқа бизнеснинг қарзи бўйича катта молиявий хатарни зиммасига олган.
Uzdiplomat.uz таҳлилида яна бир қатор молиявий операциялар ҳам ёритилган.
2025 йилда компания мулкдорига тақсимланган маблағлар 10,73 миллион долларни, 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 6,85 миллион долларни ташкил этган.
Икки даврда жами 17,58 миллион доллар мулкдорга тақсимланган маблағлар сифатида ҳисоботда акс эттирилган.
Бундан ташқари, TEG’нинг ўзаро боғлиқ компаниялар билан операциялари 2024 йилдаги 22,85 миллион доллардан 2025 йилда 35,96 миллион долларга етган.
Компания раҳбарияти ушбу операциялар одатдаги хўжалик фаолияти доирасида амалга оширилганини билдирган. Бундай операцияларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан қонунбузарликни англатмайди.
Даромад ҳам, фойда ҳам камайган
TEG’нинг 2025 йилги умумий тушуми 42,9 миллион доллар, соф фойдаси 14,4 миллион доллар бўлган.
Бироқ 2026 йилнинг биринчи ярмида компаниянинг молиявий кўрсаткичлари пасайган.
Гуруҳ тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга камайиб, 17,4 миллион долларни ташкил этган. Соф фойда эса 30 фоизга қисқариб, 3,6 миллион долларга тушган.
Hilton Tashkent City меҳмонхонасида хоналарнинг бандлик даражаси ҳам 63 фоиздан 58 фоизга пасайган.
Компания буни Тошкентда янги юқори тоифали меҳмонхоналар очилиши, рақобат кучайиши ҳамда айрим корпоратив тадбирлар бекор қилиниши ёки кейинга қолдирилиши билан изоҳлаган.
Шу тариқа, халқаро капитал бозори орқали бизнесни кенгайтириш режалари эълон қилинаётган бир пайтда, гуруҳнинг жорий молиявий натижаларида пасайиш кузатилган.
Компаниянинг янги раҳбарияти кимлардан иборат?
Бирлашувдан кейин TEG Overseas’нинг директорлар кенгаши ҳам қайта шакллантирилган.
Унга Анита Мендиратта, Уэсли Дэвис, Марк Кашер, Ричард Шарко ва Иродахон Абдувахитова кирган.
Элмурод Сопиев компаниянинг бош ижрочи директори ва президенти, Темур Зокиров эса молиявий директори ва ғазначиси сифатида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, компанияда аудит, мукофотлаш, номзодларни танлаш ва корпоратив бошқарув бўйича қўмиталар ташкил этилган.
АҚШ биржасига чиқиш нимани англатади?
TEG Overseas акциялари АҚШнинг OTC Markets биржадан ташқари савдо бозорида муомалада бўлган компания асосида шакллантирилган.
Бу Нью-Йорк фонд биржаси (NYSE) ёки Nasdaq’да акцияларнинг оммавий жойлаштирилиши билан бир хил эмас.
Компания АҚШ қимматли қоғозлар бозори инфратузилмасидан фойдаланиш, келгусида сармоя жалб қилиш ва бизнесини кенгайтириш имкониятига эга бўлмоқда.
Бироқ бу имкониятлар ҳозирнинг ўзида йирик хорижий инвестиция киритилганини англатмайди.
Аксинча, АҚШда ҳисобот тақдим этиш талаблари туфайли компаниянинг мулкдорлари, молиявий операциялари, қарз мажбуриятлари ва ўзаро боғлиқ корхоналар билан муносабатлари ҳақида батафсил маълумотлар очиқланмоқда.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018–2023 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими бўлган. Унинг бизнеслари қурилиш, саноат, савдо, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади.
Шундай қилиб, Рақобат қўмитаси маъқуллаган битим Ўзбекистондаги йирик активларнинг хорижий инвесторга сотилишидан кўра, Ортиқхўжаевлар оиласи бизнесларининг АҚШдаги ягона корпоратив тузилмага бирлаштирилишини англатади.




