Kazinform маълумотига кўра, январь–июль ойларида қўшни давлатдан 18,3 минг тонна майда чорва гўшти олиб келинган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,3 фоизга кўп.
Ўзбекистоннинг Қозоғистон қўй ва эчки гўшти экспортидаги улуши 97,9 фоизга етган. Яъни қўшни мамлакат четга чиқараётган ҳар 100 килограмм шундай гўштнинг қарийб 98 килограмми бизга келяпти.
Нега Қозоғистондан кўпроқ гўшт оляпмиз? Kazinform буни Ўзбекистондаги нархлар ўсиши ва қўшни давлатда гўшт арзонроқлиги билан изоҳламоқда. Нашр келтирган маълумотга кўра, октябрь бошида бир килограмм қўй гўшти Ўзбекистонда 11,4 доллар, Қозоғистонда эса 10,2 доллар турган.
Гўштни фақат Қозоғистондан олмаяпмиз. Мол гўшти Ҳиндистон, Беларусь ва Покистондан ҳам келтирилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, биринчи ярим йилликда энг кўп мол гўшти Ҳиндистондан — 33,9 минг тонна, Беларусдан — 19,6 минг тонна олиб келинган.
Умуман, Божхона қўмитаси маълумотларига кўра тўққиз ойда хориждан гўшт маҳсулотлари харид қилишга 780,4 млн доллар сарфланган.
Ўтган йилнинг шу даврида бу маблағ 681,8 млн доллар эди. Демак, харажат қарийб 100 млн долларга кўпайган.
Январь–сентябрда мамлакатга 132 минг тонна мол гўшти, 51,4 минг тонна товуқ гўшти ва 26,5 минг тонна қўй гўшти келтирилган. Булардан ташқари, бошқа гўшт турлари, колбаса, консервалар ва субмаҳсулотлар ҳам импорт қилинган.
Яна бир жиҳат, хориждан гўшт олиш ҳам қимматлашмоқда. Масалан, мол гўшти импорти ҳажми 3,5 фоизга ошган бўлса, унга сарфланган маблағ 12,9 фоизга кўпайган. Ҳисоб-китобга кўра, импорт қилинган бир килограмм мол гўштининг ўртача қиймати 4,15 доллардан 4,53 долларга чиққан.
Имтиёзлар бор, аммо маҳаллий гўшт ҳали талабни қопламаяпти
Чорвачиликка субсидиялар, солиқ енгилликлари ва ер олиш учун қулайликлар бериляпти.
Аммо маҳаллий гўшт ишлаб чиқаришда ҳозирча катта ўсиш кўринмаяпти. Биринчи ярим йилликда ўсиш атиги 0,9 фоизни ташкил этган.
Ҳозирда хориждан наслдор қорамол, қўй ва эчки олиб келиш учун субсидия бериш тартиби 2030 йил охиригача узайтирилган. 2026–2027 йилларда тирик қорамол, қўй ва эчки импортида ҚҚСни 180 кунгача кечиктириб тўлаш мумкин. Озуқа етиштириш учун ернинг ижара ҳуқуқини аукциондан олган чорвадорларга эса тўловни беш йилга бўлиб тўлаш имконияти берилган. Ветеринария рухсатномалари ва сертификатларини кўриб чиқиш муддатлари ҳам қисқартирилган.
Сентябрдан наслчилик хўжаликларида белгиланган шартларга мувофиқ наслдор урғочи қорамолларни сақлаш учун янги субсидиялар жорий этилди. Банк балансига ўтган чорвачилик объектларини тадбиркорларга 10 йилга бўлиб тўлаш ёки лизинг асосида сотиш, айрим хўжаликлар кредитларининг қайтариш муддатини узайтиришни кўриб чиқиш ҳам белгиланган.
Лекин молни олиб келиш билан иш битмайди — уни боқиш учун ем-хашак, озуқа етиштиришга ер ва зарур инфратузилма керак. Бу муаммолар расмий даражада ҳам қайд этилган. 5 августдаги тақдимотда фаолияти тўхтаган 103 та чорвачилик корхонасини тиклаш зарурлиги айтилган. Қорақалпоғистонда ўрганилган 20 та комплекснинг қарзи 109,6 млрд сўмга етган, ярми юқори хавфли тоифага киритилган. Аксариятида озуқа майдонлари ва инфратузилма етарли эмаслиги кўрсатилган.
Ўша тақдимотда мамлакатнинг гўштга йиллик талаби 2,15 млн тонна, ишлаб чиқариши эса 1,6 млн тонна экани билдирилган. Бу ҳисобда ўртада 550 минг тоннали фарқ бор.
Демак, берилган имкониятлар ҳали ички талабни қоплайдиган натижага айлангани йўқ.
Шундай муаммолар фонида маҳаллий ишлаб чиқариш секин ўсмоқда, хориждан келадиган мол гўшти эса қимматлашяпти. Импорт бозорга қўшимча гўшт олиб киради. Аммо унинг ўзи қиммат тушса, кўпроқ гўшт келтиришнинг ўзи нархлар арзонлашишини кафолатламайди.




