Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхонаси ташкил этилади. Бир қарашда яхши хабар. Кўчага чиққан одамнинг энг оддий эҳтиёжларидан бири учун шароит яратилади.
Аммо бу ваъдани аввал ҳам эшитганмиз. 2019 йилда 61 та, 2025 йилда эса 100 та ҳожатхона ташкил этиш режаси эълон қилинган эди. Энди яна 100 та. Аввалгилари қаерда, қанчаси ишлаяпти?
Ҳокимнинг янги қарорига кўра, 140,4 млн сўм ажратиш таклифи «Тошкент Инвест компанияси» кузатув кенгашига киритилади.
Бу пул ҳожатхоналарни қуришга эмас, улар жойлашадиган ерларда топографик ишлар ўтказишга мўлжалланган. Қурилиш, сув ва канализацияга улаш харажатлари эса алоҳида масала.
Бу ишга аввал ҳам пул ва имтиёзлар йўналтирилган. 2018 йилда ҳожатхона қурган ёки таъмирлаган тадбиркорларга солиқ енгиллиги белгиланган. Қурилиш харажатлари ҳисобидан солиқ солинадиган базани 100 млн сўмгача камайтириш мумкин бўлган.
2019 йилда Аския бозори ёнидаги ҳожатхонага 100 млн сўмдан ортиқ, Алишер Навоий кинотеатри яқинидагисига 85 млн сўм. Лойиҳа маблағларининг ярмини тадбиркор, ярмини «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси қоплаши айтилган. Йил охиригача 61 та шохобча ташкил этиш режалаштирилган.
Иккита объект очилгани ҳақида ОАВда хабарлар берилди ва бу лойиҳа давом этиши айтилди. Лекин режадаги 61 тасининг қанчаси қурилган, ҳозир нечтаси ишлаяпти буни манзиллари билан кўрсатадиган ҳисобот очиқ манбаларда мавжуд эмас.
2023 йилда ҳам ҳар бир туманда ҳожатхона учун камида 10 тадан ер майдонини аниқлаш ва аукционга чиқариш чоралари қайд этилган. 2024 йилги қарорда эса Тошкентда 100 та умумий фойдаланишдаги ҳожатхонани ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштириш белгиланган. Бу ишларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Энг қизиғи, 2025 йил июнида ҳам пойтахтда айнан 100 та замонавий ҳожатхона тармоғи яратилиши ҳақида хабар берилган. Лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва келишиш учун ўша йилнинг 20 августи муддат қилиб кўрсатилган.
Ўша хабарда 540 млрд сўм ҳам тилга олинган. Аммо бу сумма гастрономик ва туризм кўчалари лойиҳасига тегишли бўлиб, ундан бир қисмигина ҳожатхоналарга йўналтирилган.
Ҳожатхоналар муаммоси нафақат пойтахт, балки бутун республика учун долзарб. Масъуллар ҳам буни билади. Доим қарорлар чиқарилади, бу ҳақида катта тарғибот лавҳалари қилинади. Лекин вазият кўп ҳам ўзгармайди.
Одам кўчага чиққанда ҳожатхона тополмаса, қарорлар сони унга ёрдам бермайди. Унга яқин, тоза, суви бор ва эшиги очиқ ҳожатхона керак. Янги ваъдага ишонч ҳам аввалги ваъдаларнинг ҳисоботидан бошланади. Шундай экан ҳокимлик аввал олдинги ишлар ҳисоботини ҳам бериши керак.




