Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном раёнига амалий ташрифи доирасида Урумчи шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди. Учрашувда Қамбарота ГЕС-1 ва Чотқол дарёсида қурилажак ГЕС юзасидан музокаралар олиб борилган.
Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Ариповнинг Жапаров билан кўришгани ҳақида ёзган Ўзбекистон Бош вазири матбуот котиби эса улар ГЕСлар мавзусини муҳокама қилгани ҳақида ҳеч нарса демаган.
Қирғизистон расмий манбаасининг очиқлашича, ҳар икки вазир икки томонлама ҳамкорлик кун тартибига киритилган ва икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган учта истиқболли инфратузилма лойиҳасини муҳокама қилишган.
“Икки давлат ҳукумат раҳбарлари Талас-Чотқол-Тошкент автомобил йўлини қуриш лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳозирда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва икки давлатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш имконини беради”, – деб ёзган манбаа.
Бундан ташқари, Оқилбек Жапаров ва Абдулла Арипов Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига қаттиқ ёқилғи етказиб беришга қаратилган конвеер ва кўмир логистика марказини қуриш бўйича қўшма ишларни фаоллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Томонлар юқорида қайд этилган инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш бўйича амалий чора-тадбирларнинг қабул қилиниши икки давлат ўртасидаги қардошлик стратегик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентлари “Қамбарота-1 ГЭС”ини қуриш бўйича шартнома имзолаган эди. Россия эса уларга қўшилиш таклифини билдирганди.